Ўзбекистон | 12:34 / 17.04.2021
43491
3 дақиқада ўқилади

Президент мактабларидаги бўш иш ўринларидан хабардор бўлиш имконияти пайдо бўлди

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг job.piima.uz сайти ишга тушди. Сайт агентлик тизимидаги мактабларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш ва ишга ҳужжат топшириш имконини беради.

Тошкент шаҳрида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан яратилган job.piima.uz сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди

Aгентлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг таъкидлашича, сайтда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳақида барча маълумот жойланган. Сайтдан мақсад 2021 йилда вилоятларда очиладиган 10та Президент мактаби ва агентлик тасарруфидаги мактабларга малакали педагогларни жалб қилиш ҳисобланади.

Сайт орқали ўқитувчилар агентлик тизимидаги мактабларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, мавжуд вакант бўйича ишга ҳужжат топшириши мумкин.

Сайтнинг қандай ишлаши билан агентликнинг селекция ва педагоглар малакасини ошириш бўлими бошлиғи Наргиза Қўчқорова таништирди.

Наргиза Қўчқорова

“Сайтда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблардаги бўш иш ўринлари ва лавозимга қўйиладиган талаблар билан танишиш, анкетани сайтнинг ўзида тўлдириш ва жўнатиш йўлга қўйилган. Aриза филтрациядан ўтгач, талабгорларга смс-хабарнома юборилади”, – деди у.

Тақдимот давомида Президент мактаблари ўқитувчилари учун қўйиладиган талаблар ҳақида Президент мактаблари билан ишлаш бўлими раҳбари ўринбосари Гавҳар Эшимова тўхталиб ўтди.

Гавҳар Эшимова

Унинг айтишича, Президент мактабига ҳужжат топширувчи ўқитувчилар энг камида 2-даражали тоифадаги бакалавр даражасида бўлиши керак. STEAM фанларини ўқитадиган устозлар инглиз тилини камида B2 даражада билиши лозим.

Умумтаълим ва Президент мактабларидаги ўқитувчиларнинг иш жараёнидаги фарқлар ҳақидаги саволга Президент мактаби директори Тўрабой Шерматов жавоб берди.

Тўрабой Шерматов

“Маҳаллий ўқитувчиларимиз учун бу ердаги фаолият – ижод қиладиган майдон. Бу ерда ҳам ўқитувчига умумтаълим мактабларидагидек 1 ставка учун 36 соат ҳафталик иш юклама бор. Aммо фарқи - Президент мактаби ўқитувчилари ҳар бири компьютер, юқори тезликдаги интернет билан таъминланиб, халқаро даражадаги ўқитувчилар билан тажриба алмашиши мумкин”, деди мактаб директори.

Мавзуга оид