Дипломатларни нима учун ҳайдашмоқда?
Россиялик 18 дипломат чиқариб юборилиши ҳақида шанба куни бош вазир Андрей Бабиш ва ички ишлар вазири Ян Гамачек (у 12 апрелдан ташқи ишлар вазири вазифаларини ҳам бажаради) томонидан шошилинч равишда чақирилган матбуот анжумани вақтида эълон қилинди.

Гамачек чиқариб юборилаётган дипломатлар Россия махсус хизматлари - ГРУ ва СВР билан ҳамкорлик қилишда гумонланаётганини маълум қилган. 

«Чехия ташқи ишлар вазири сифатида Прагадаги Россия элчихонасида ишлаётган барча ходимларни ўз юртига қайтариб юборишга қарор қилдим. Уларнинг ҳаммаси Россия махсус кучларининг офицерлари экани бизнинг махсус хизматлар томонидан фош этилди. 48 соат ичида элчихонанинг 18 нафар ходими мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши лозим», деган у.

«Радио Прага» хабар беришича, бош вазир Бабиш ушбу махсус хизматларнинг агентлари 2014 йил Злин шаҳри яқинидаги Врбетице қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборида рўй берган ва икки кишининг ҳаётига зомин бўлган портлашга алоқадорликда гумонлаш учун асослар борлигини айтиб ўтган.

Дипломатлар Чехияни 48 соат ичида тарк этиши керак бўлади. Гамачек бу ҳолат Праганинг Москва билан муносабатларига жиддий даражада дарз келтиришини тан олган. «Аммо биз муносабат билдиришимиз керак. Биз Буюк Британия 2018 йилда Солсберидаги [Скрипалларни] заҳарлашга уриниш рўй берганда қандай вазият бўлган бўлса, шундай вазиятдамиз», дея вазирдан иқтибос келтиради ТАСС.

2018 йил 4 март куни Солсберида ГРУнинг собиқ зобити Сергей Скрипал ва унинг қизи асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганди. Британия прокуратураси бу ҳужумда россиялик Руслан Боширов ва Александр Петровни айблаган, шу билан бирга, бу номлар ўйлаб топилган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилганди.

Боширов ва Петров қидирувда
Чехия полицияси шанба куни алоҳида баёнот билан чиқиб, Россия паспортига эга бўлган икки шахс, Руслан Боширов ва Александр Петров қидирувда эканини маълум қилди.

Полициянинг твиттердаги саҳифасида 2018 йилда британ полицияси томонидан Скрипалларни заҳарлашда гумонланган ва кейинроқ RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньянга интервью бериб, Солсберига тарихий биноларни томоша қилиш учун боришганини айтиб чиққан икки шахс сурати жойлаштирилди.