17:14 / 19.04.2021
8023

«Болалар жуда ёмон шароитда яшамоқда» — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юсунова Китобдаги меҳрибонлик уйи ҳақида

Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юсунова 12-15 апрел кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида хизмат сафарида бўлиб қайтди.

Парламент вакилининг фикрича, Қашқадарёнинг Китоб туманидаги 5-меҳрибонлик уйини тугатиш керак, у ерда «болалар жуда ёмон шароитда яшашмоқда».

Ўрганиш куни муассасада 65 нафар тарбияланувчи бўлган, уларнинг 15 нафари – чин етимлар.

«Тиббиёт хонаси, стоматолог хонаси, беморларни алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали бўлиб, заҳкаш.

Болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун етарли шароитлар мавжуд эмас. Мебеллар эски.

Соғлом овқатлантириш ҳолатларини ўрганиш давомида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил эътиборини тарбияланувчиларнинг биринчи овқатни умуман емасдан чиққанликлари ва деярли иккинчи овқатни ҳам емаганликлари диққатини тортди. Биринчи овқатга карам шўрваси қилинган бўлиб, у ўта ёғли ва ўзига хос ҳиди бор эди.

Болаларга тушликда шарбатлар берилмаган. Ҳолат юзасидан маҳсулотлар сифатини кўриш учун озиқ-овқат омборига ташриф буюрилганда маҳсулотлар сифати бузилгани, карам, редиска, картошка ва нокларнинг чириб қолгани, гўшт рангининг ўзгаргани, кўплаб ёғлари борлиги, гўшт маҳсулотларини тортиб кўриш сўралганда тарози йўқлиги, ошхонанинг санитария ҳолати яхши эмаслиги, идишлар етишмаслиги, болаларга алюмин кружкаларда чой берилаётгани, кружкаларнинг ушлашга қулоқлари йўқлиги, бу эса болалар соғлиги учун хавфлилиги ва бир қатор камчиликлар аниқланди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳолатни чуқур ўрганиш учун туман прокуратурасидан вакил чақирилган. Камчиликларни бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга мажбурий кўрсатмалар берилган.

Top