Тошкент шаҳри қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларининг айрим турлари нархи бўйича дунёнинг энг қиммат қатор шаҳарларини ҳам ортда қолдирмоқда. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти эълон қилган ўрганишларда бунга гувоҳ бўлиш мумкин.
Институт Тошкент шаҳри супермаркетларидаги нарх-наволарни МДҲ ҳамда Европа мамлакатлари пойтахтларидаги нархлар билан таққослади. Қиёсий таҳлил 28 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини қамраб олган.
Қуйида қиймати бўйича хавотир уйғотаётган ТОП-10 маҳсулот келтирилади:
1. Апелсин
Тошкент шаҳри супермаркетларида энг арзон апелсиннинг 1 килограми учун 2,8 АҚШ доллари тўланади ва бу таҳлил қиланаётган мамлакатлардаги ўртача нархдан 90,1 фоизга қиммат, энг паст нарх қайд қилинган Москвадаги қийматдан 4,3 марта юқори.

2. Лимон
Тошкент супермаркетларида 1 кг лимоннинг энг арзони 2,8 АҚШ доллари туради. Бу эса, таққосланаётган шаҳарлардаги ўртача нархдан 69,4 фоизга, энг арзон нарх қайд қилинган Анқарадан 3,3 баробарга қиммат демакдир.

3. Банан
1 кг бананнинг энг арзони Тошкент супермаркетларида 2,1 АҚШ доллари бўлиб, бу ўртача нархдан 55,7 фоизга, Москва шаҳрида қайд этилган энг паст нархдан 2,7 баробарга баланддир.

4. Қадоқланган сут
Тошкент супермаркетларида қадоқланган сутнинг бир литри 0.82 АҚШ долларини ташкил этиши аниқланган. Бу эса, таққосланаётган мамлакатлардаги ўртача нархдан 18,8 фоизга ҳамда энг арзон сут сотиладиган Бишкекдаги нархдан 93,0 фоизга юқоридир. Пастеризацияланган сут қимматлигининг асосий сабаби сифатида бозорда рақобат муҳити яхши ривожланмагани кўрсатилган.
























