Ўзбекистонда аҳолининг асосий истеъмол маҳсулоти — ўсимлик ёғлари нархи кескин ошиб кетиши ҳамон кун тартибидаги масала бўлиб қолмоқда.
Жорий йил январда 529 турдаги импорт товар ва хизматларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга чеклов ўрнатилди (Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги 41-сонли қарори). Рўйхатга ўсимлик ёғи, хусусан, кунгабоқар, пахта, зайтун ва арахис ёғлари киритилган. Бу нимани англатади? Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳақда Kun.uz’га ўз фикрларини билдирди.
— Импорт ўсимлик ёғларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга ўрнатилган чеклов ёғ нархи ошиб кетишида қандай рол ўйнаши мумкин?
— Биз ўсимлик ёғи бўйича импортга жуда боғлиқмиз. Ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқаришимиз ўсимлик ёғига бўлган жами эҳтиёжни 30 фоизга, энг яхши йилларда 40 фоизга қоплайди, холос. Ҳаддан ташқари импортга боғлиқ бўлганимиздан кейин қандай қилиб ўсимлик ёғини давлат харидлари сифатида сотиб олиш тақиқланган импорт маҳсулотлари рўйхатига киритиш мумкин?
Агар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ички бозор талабини тўлиқ қондирганда, бизда ишлаб чиқариш етарли, деган важлар билан ўсимлик ёғини бу рўйхатга қўшиш мумкин эди.
— Давлат харидлари сифатида сотиб олишга тақиқ ўрнатилиши нимани англатади?
— Ўсимлик ёғига нисбатан давлат харидлари бу ўринда масалан, армия, касалхоналар, изолятор ва қамоқхоналар маъмурияти каби идоралар, давлат тасарруфидаги бошқа ижтимоий муассасаларни (қариялар уйлари, меҳрибонлик ва ногиронлар уйлари) қамраб олади, уларнинг ҳаммаси турли кўринишда давлат харидлари орқали ўсимлик ёғини сотиб олади.
Тасаввур қилинг, агар саналганлар импорт қилинган маҳсулотни сотиб олмаса, маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб олишга тўғри келади ва табиийки, маҳаллий ишлаб чиқарувчининг маҳсулотига талаб ошади. Бироқ маҳаллий корхоналарнинг қуввати тўлиқ талабни қондиришга етмайди. Чунки, такрорлайман, бизда ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпи билан 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқаради, аҳолининг талаби эса 400 минг тонна. Бундан ташқари, таркибига ўсимлик ёғи солинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, ошхона ва ресторанларнинг ҳам талаби бор — тахминан 250 минг тонна. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жами 650-700 минг тонналик талабнинг, энг кўпи билан, хомашё етарли бўлса, 300 минг тоннасини қоплай олади, холос. Шундай шароитда чеклов киритишнинг ўзи нотўғри эди.
2020 йил 21 августда президентнинг 4812-сонли қарори қабул қилинганди. Шу қарорга асосланиб, 2021 йил январда давлат харидлари сифатида сотиб олишга тақиқ қўйилган импорт маҳсулотлар рўйхати тасдиқланган. Ўша пайтда (ўтган йил ёз охирларида) соя, кунгабоқар каби ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш учун ҳосил кам йиғилгани тўғрисида маълумот балки етарли бўлмаган, натижада бу қарор қабул қилинган. Тахминан сентябрнинг охири ва октябрнинг бошларида шимолий яримшарда ўсимлик ёғи хомашёсини етиштирадиган Украина, Россия, Болгария каби давлатларда ҳосил анча кам йиғилгани, бунинг оқибатлари очиқланганди. Шунга қарамасдан, тақиқ рўйхатидан ўсимлик ёғи мустаҳкам жой олди, кейинги кунларда вазият жиддийлашаётганига қарамай рўйхатда қолмоқда.















