Жамият | 13:23 / 21.04.2021
4794
4 дақиқада ўқилади

Наманганлик тадбиркор Сурхондарёда 93 нафар аёлни тузоғига илинтирди

Сурхондарё вилоят прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган «Жарқўрғон чеварлари» тикув цехи билан боғлиқ хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.

Наманган вилоятидан ташриф буюрган тадбиркор Т.Г.  2019 йил 8 май куни «Surxon Mulk Textile» МЧЖни ташкил этиб, Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтказиб, Жарқўрғон туманига келиб, тумандаги мутасадди ташкилотлар орқали 2019 йил май ойида «Ҳар бир оила тадбиркор» деган мазмунда давлат дастури бор» деб тумандаги ишсиз бўлган 93 нафар хотин-қизни йиғиб, уларнинг номига банкдан 15 млн сўмдан кредит маблағи ажратилишини, кредит маблағи ҳисобига тикувчилик машиналари ва хомашё маҳсулотлари сотиб олиб, тикувчилик цехи очиб, ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлашини, банкдан олинган ҳар бир фуқаронинг кредит маблағлари ва унга ҳисобланган фоизларни ўзи тўлашини ваъда қилиб, фуқароларнинг ишончига кириш учун уларга йиғилишнинг ўзида банкдан ажратилган пул маблағлари МЧЖ ҳисобидан тўлаб берилиши ҳақида кафолат хатлари ёзиб берган. АТБ «Қишлоқ Қурилиш банк» Жарқўрғон филиалидан 93 нафар хотин-қиз номига жами 1 млрд 395 млн сўм кредит ажратилишига эришиб, фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб кетгани аниқланган.   

Мазкур ҳолат юзасидан 26.01.2021 йилда Бош прокуратура ҳузуридаги  Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Жарқўрғон туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

27.01.2021 йилда жиноят иши тегишлилик бўйича Жарқўрғон тумани ИИБга юборилган ва ўша куни Тергов бўлинмаси томонидан иш юритувга олиниб, Т.Г. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилиб, фуқаролар гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. 

Мазкур жиноят иши юзасидан Т.Г. томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш учун 93 нафар фуқаронинг номига 15 млн сўмдан кредит чиқартириб, чиқарилган кредит пулларини тўлаш учун кафолат хат бергани, МЧЖ ташкил этиб, фуқароларни иш билан таъминлагани, 2020 йил март ойидан бошлаб пандемия бўлгани сабабли тўлашга имконияти бўлмагани, ҳозирда банкка кредит тўловларини, яъни банк фоизларини тўлатиш чоралари кўрилаётгани сабабли жиноят ишининг тергов муддати 01.03.2021 йилдан 29.03.2021 йилга қадар ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан тўхтатилган.

Т.Г. томонидан АТБ «Қишлоқ Қурилиш банки»га 93 нафар фуқаро номига чиқарилган кредит фоизларини тўлаш мақсадида 161 050 000 сўмлик тикув цехида тикилган ҳар хил турдаги кийим-кечаклар берилган. 

19.04.2021 йил ҳолатига кўра, АТБ «Қишлоқ Қурилиш банки»дан 93 нафар фуқаро номига чиқарилган кредитнинг қолдиқдаги жами қарздорлиги 554 392 785 сўм миқдорида, фоиз қарздорлиги эса 90 049 251 сўмни ташкил этади.    
 
АТБ «Қишлоқ Қурилиш банк»дан 93 нафар фуқаро номига чиқарилган кредитнинг муддати 06.12.2022 йилга қадар белгиланган.

Хабарда кўрсатилган бошқа мулкий низолар тааллуқлилиги бўйича судларда кўрилиб, қонуний тўхтамга келинган бўлиб, вилоят прокуратураси ходимларига нисбатан келтирилган важлар рад этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид