Ўзбекистон | 15:54 / 23.04.2021
2968
2 дақиқада ўқилади

«Давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн сўмга ижро этилди» – Бош вазир ўринбосари

2021 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн сўмга ижро этилди. Харажатлар эса 34,1 трлн сўмни ташкил этди.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Сенат мажлисида давлат дастури ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Қайд этилишича, йиғилишда 2021 йилнинг 1-чораги бўйича республика иқтисодий кўрсаткичлари келтириб ўтилган.

«2021 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103 фоизни ташкил этмоқда. Хусусан, ўсиш суръати саноат тармоқларида 103,8 фоиз, хизматлар бўйича 102,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 103,1 фоизга ортди.

Ҳисобот даврида савдо айланмаси ҳажми 46,6 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 102,8 фоизга ўсди. Жами хизматлар ҳажми 61 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизга ортди. Хусусан, таълим, молия, алоқа ва ахборотлаштириш соҳаларида кўрсатилган хизматларда юқори ўсиш кўрсаткичлари қайд этилди.

Давлат бюджет даромадлари 33,9 трлн сўмга ижро этилди. Шундан 29,3 трлн сўм ёки 86,5 фоизи солиқ тушумлари, 6,5 трлн сўми (19,3 фоизи) божхона органлари томонидан ундирилган маблағлар ҳисобига тўғри келади.

Давлат бюджетининг жами харажатлари эса 34,1 трлн сўмни ташкил этди. Шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,2 трлн сўмни (53,4 фоиз) ташкил этди», деди ҳукумат расмийси.

Маълум қилинишича, айни пайтда Ўзбекистонда 22та эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда. 1 апрел ҳолатига кўра, уларда умумий қиймати 2,6 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилган ва шундан 818 млн доллари тўғридан тўғри инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Бунинг натижасида 35 минг 897та янги иш ўрни яратилган.

Шунингдек, 2021 йил биринчи чораги бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 1,4 млрд доллар инвестиция ўзлаштирилди. Товарлар ва хизматлар экспорти 2 млрд 345 млн долларни ташкил қилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид