Хўш, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам одамлар шундай орзу-ҳаваслар билан яшайдими ёки бу фақат ўзбекларга хос хислатми? Бир ўйлаб кўрайлик, инсонларнинг моддиятни ҳаётий мақсад деб билиши қанчалик тўғри?

Ривожланган мамлакатлар инсон капиталига диққатини қаратаётган бир вақтда фарзандлар таълим-тарбиясидан кўра моддий қимматликлар-у ҳашаматга муҳаббат қўйган миллатнинг эртаси қандай бўлади?  

Бугун биз ўз соҳасининг малакали мутахассислари бўлган жамоатчилик фаоллари билан мавзу юзасидан фикр алмашамиз.

«Одамлар англаши керак: дунё қаёққа қараб кетяпти ва биз қайси манзилларни кўзлаяпмиз»

Социолог Завқиддин Гадоев:

«Моддий дунёга берилиш бутун инсониятга хос туйғу ва у миллатларда турли кўринишга эга. Ташқи кўриниш: уй-жой, машина, қимматбаҳо буюмлар орқали ўзининг кимлигини кўрсатиш, бу аввало, миллат, халқ ёки мамлакатда илмий нуқтайи назар, таълимнинг даражаси билан боғлиқ. Таълим қанчалик юксак даражага етадиган бўлса, тафаккур қилиш, дунёни тушуниш шу даражада юқори бўлади. 

Инсон маънавий дунёсини бойитгани сари моддий дунёнинг ҳам ўзига ярашасини белгилаб олади. Ҳаддан ташқари моддиятга берилиш тафаккур қилишнинг чекланиши билан боғлиқ. Ривожланган дунёга эътибор берсак, машина, уй ҳеч қандай кўрсаткични белгилаб бермайди. Одамларнинг уй-жойи йўқ ва бу улар учун фожиа эмас. Ижарада яшашади, чунки уйга кўп пул тикишни исташмайди. 

Моддиятга берилиш менталитет билан боғлиқ. Бизда ўзбек менталитети йиллар давомида материализмни асосий ўринга қўйди. Бу ҳолатдан чиқиб кетишнинг ягона йўли таълим. Айниқса, олий таълимдир, чунки миллатнинг кейинги ҳаётини белгилаб берувчилар айнан олий маълумотли кадрлардир. Таълим олиш орқалигина моддий ва маънавий дунёни ажратишни бошлаймиз.

Инсон учун моддият муҳимми ёки маънавий дунё? Албатта, моддиятсиз бўлмайди. Масалан, уй сизга нима учун керак: бошпана, дам олиш маскани. Биз эса бу дунёда худдики бир умр яшайдигандек уй қурамиз, топган пулимизга машина минишни истаймиз. 

Мактабда ва оилада болаларга ҳаётда яшашдан мақсад нима эканини тўғри тушунтиришимиз керак. Тириклик фақат машина олиш, фарзанд кўриш, уни уйлантириш, тўй қилишдан иборат эмас. Болаликдан бизнинг онгимизга сингдиришади: қиз бола туғилса, албатта, келинлик учун тайёрланади, ўғил бола эса моддий жиҳатдан тўкин бўлиши керак. Уй қуриши, улғайгач ота-онани таъминлаши зарур. Одамлар англаши керак: дунё қаёққа қараб кетяпти ва биз қайси манзилларни кўзлаяпмиз.