Айни пайтда дунёнинг қатор давлатларида ҳайвонлар учун мўлжалланган COVID-19’га қарши вакцина синовлари ҳам давом этмоқда. Масалан, Италиянинг «Takis Biotech» стартапи «EvviVax» ветеринария бўлими ва Американинг «Applied DNA Sciences» компанияси биргаликда вакцина яратиш устида ишламоқда.

Шунингдек, Россияда «Росселхознадзор» тасарруфидаги Ҳайвонлар Соғлиғини ҳимоя қилиш Федерал маркази томонидан 2021 йил 31 март куни «Карнивак-Ков» вакцинаси синовдан ўтказилди.

 Бунда вирусга қарши иммунитетни келтириб чиқарадиган оқсилларни ҳосил қилиш учун ДНК фрагментларидан фойдаланилади.

Бир муддат аввал Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бундай синовлар Ўзбекистонда ҳам ўтказилиши мумкинлигини маълум қилганди. 

Ўзбекистонда ҳайвонлар учун Covid вакцинаси синовдан ўтказилади

Унга кўра, Ўзбекистон томони Россияда яратилган вакцина синов жараёнларини Ўзбекистонда ҳам ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Биз ҳайвонлар учун вакцина ва вакцинация жараёнлари бўйича пайдо бўлаётган айрим саволларга Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Чорва ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳабибулла Ҳамдамовдан жавоб олдик.

Ҳабибулла Ҳамдамов

«Карнивак-Ков» қанчалик самарали вакцина?

Шу йил 31 мартда Россия Федерациясида ҳайвонлар учун дунёдаги биринчи «Карнивак-Ков» COVID-19 вакцинасини рўйхатдан ўтказди. Янги препарат «Росселхознадзор» тасарруфидаги Ҳайвонлар Соғлиғини ҳимоя қилиш Федерал маркази томонидан ишлаб чиқилган.

У ҳайвонлар учун COVID-19 профилактикасида дунёдаги биринчи дори.

Янги эмламанинг клиник синовлари ўтган йилнинг кузида ит, мушук, норка ва бошқа ҳайвонларда бошланган эди.

Ўзи умуман, вакцинанинг самараси икки хил усулда текширилади. Биринчи усулда унинг организмга зарарсизлиги текширилади. Масалан, бирор ҳайвон организмига юборилган вакцина синов даврида жиддий реакциялар бермаса, у хавфсиз ҳисобланади.

Иккинчи усулда эса вакцинанинг иммуногенлиги текширилади. Бунда организмга юборилган вакцина антитанача ҳосил қилолса, уни фойдали деб ҳисоблаш мумкин.