Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида фақатгина «жамоат эҳтиёжлари» ибораси қўлланилиб, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида ўрнашиб қолган «давлат ва жамоат эҳтиёжлари» тушунчасидан воз кечилмоқда. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Суҳроб Юсупов маълум қилди.

«Жамоат эҳтиёжлари тушунчаси нима эканлиги аниқ ва тугал белгилаб қўйилмас экан, уни турлича талқин қилиш, хусусий эҳтиёжларни ёки тижорат эҳтиёжларини жамоат эҳтиёжи сифатида талқин қилишга уринишлар бўлиб туради. Шу боис, қонун лойиҳасида ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, «бошқа ҳолатлар» каби мужмал қоидалардан буткул воз кечилди.

Энг муҳими, «инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш» ер участкасини олиб қўйиш учун асос бўла олмаслиги назарда тутилмоқда ва инвестор ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқа олмаслиги белгиланмоқда», дея Суҳроб Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Суҳроб Юсупов

Лойиҳанинг 5-моддасида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган ҳолатлар келтирилган бўлиб улар:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, махсус иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш (кенг тарқалган фойдали қазилма конлари бундан мустасно);
  • республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика ва алоқа тизими муҳандислик объектлари ва тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш;