Ўзбекистонда 2020 йилда 6982 та ЙТҲ содир бўлгани қайд этилди. ЙТҲлар оқибатида вафот этганлар сони эса 1962 нафар кишини ташкил этди.

1962 нафар юртдошимиз ўзгалар ёки ўзининг хатоси қурбони бўлган.

Йўл ҳаракати қоидаларини киприк қоқмай ёки қоқиб бузиш оддий ҳол бўлиб қолди. Нега қоида бузамиз? Қаерга шошамиз?

Тўғри, йўлларнинг сифати қониқарсиз, «ямалар» кўп, чизиқлар яхши чизилмаган, йўл белгилари нотўғри ўрнатилган... Булар «авария»ларга сабаб бўлади, бироқ доим эмас. Тезликни ошириш, ҳаракатнинг қарама-қарши йўналишига чиқиш ёки светофорнинг қизил чироғига ўтишга сизни ҳеч ким ва ҳеч нарса мажбур қилолмайди.

«Хотинимни туғуруқхонага олиб кетаётгандим». «Болам касал эди...» Ҳа, бунақа пайтлар ҳам бўлади – инсонмиз, тезликни оширамиз. Бироқ ҳеч бир сабабсиз тезликни оширишимизни нима билан изоҳлаймиз? Хотин ҳар ойда туғмайди, бола ҳар ҳафта касал бўлмайди! Оёғимиз газ педалини босаётганда ўзгаларнинг ҳаёти, соғлиги ёдимизга тушадими?

Кабинамиз ташқарисидаги ёш-у қарининг ўрнига ўз жигарларимизни қўйиб кўрамизми? Ҳар гал шундай қилганимизда, газни ўйлаброқ босар эдик.

Биз ҳайдовчилар темир машина ичидамиз – ҳимояланганмиз, пиёда эса...

Шуни доим ҳисобга олайлик. Пиёдага «права» берилмайди – ҳар ким пиёда бўлиши мумкин: кексайиб қолганлар ҳам, ногиронлар ҳам, ёш болалар ҳам. Биз ҳайдовчиларга эса «права» – ҳуқуқ берилади, аввал синаб, кейин берилади, «Мана, сенга ҳуқуқ берилди, ўзгаларнинг умрига, соғлигига эҳтиёт бўл» дегандек.

Ҳуқуқни суиистеъмол қилмайлик!

Шикаст етган мулкини-ку тиклаб ё қоплаб берарсиз, саломатлигини-чи? Умрини-чи? Узр сўраш ё тазарру қилиш танадаги яраларга, қалбдаги жароҳатларга малҳам бўла олармикан?

Қолаверса, қоидабузарнинг ҳам мулки ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин!