Гап 2011 йил ноябридан 2020 йилга қадар қурол омборхоналари ва заводларида рўй берган портлашлар ҳақида кетмоқда. Мамлакат бош прокурори вакили Сийка Милева брифингда маълум қилишича, бу портлашлар ва уч нафар болгариялик, шу жумладан, тадбиркор Гебревни заҳарлашга уринишлар ҳамда бошқа давлат ҳудудидаги бошқа оғир жиноятлар ўртасида ўхшашлик борлигини маълум қилган.
«Текширувлар давомида аниқландики, Россиянинг олти нафар фуқароси портлашлар содир бўлган вақтларда ҳамда Россиянинг уч нафар фуқаросини заҳарлашга уринишлар бўлганида Болгария ҳудудида бўлишган. Айни вақтда россияликларнинг мақсади махсус маҳсулотлар Грузия ва Украинага етказиб берилишини тўхтатиш бўлгани тўғрисида юқори аниқлик билан хулоса қилишга имкон берувчи далиллар тўпланган», деган Милева.
Аввалроқ Чехия ҳукумати Россия фуқаролари мамлакатдаги қурол омборхоналарида юз берган портлашларда гумон қилинаётганини маълум қилганди.
Болгария прокуратураси вакили ҳамкорликда текширув ўтказиш учун халқаро ҳамкорлик линияси бўйича Чехия ҳуқуқ-тартибот органлари билан алоқалар ўрнатилгани ҳақида маълум қилган.
Ўтган йил февралида Болгария тадбиркор Эмилиан Гебрев, унинг ўғли Христо Гебрев ва унинг компанияси директорини заҳарлашга уринишда айбланаётган уч нафар россиялик шахсини маълум қилганди.
Болгария прокуратураси ўшанда уч нафар россияликка Болгария фуқароларига суиқасд қилиш бўйича сиртдан айблов эълон ыилган. Унга кўра, 2015 йилда Софияда болгарияликларни номаълум модда билан заҳарлашга уринишган. Болгариядаги нашрлар бу «Новичок» синфидаги модда бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишган.
Чехия россиялик дипломатларни чиқариб юбормоқда. Боширов ва Петровга қидирув эълон қилинди
Чехия ортидан Болгария
17 апрель куни Чехия полицияси оғир турдаги жиноятларни содир этишда айбланаётган икки нафар россияликка қидирув эълон қилди. Полициянинг аниқлик киритишича, улар Тожикистон фуқароси Руслан Табаров ва Молдова фуқароси Николай Попи номига берилган паспортлар, шунингдек, Александр Петров ва Руслан Боширов номига берилган рус паспортлари билан Чехия ҳудудида ҳаракатланишган.
Полиция икки шахснинг суратини намойиш этган, улар 2018 йилда британ полицияси томонидан Скрипалларнинг заҳарланишида гумонланган ва кейинроқ Россиядаги RT нашри бош муҳаррири Маргарита Симоньянга интервью берган шахслар эди. Улар ўшанда британияликларнинг айбловларини рад этиб, Солсберига диққатга сазовор тарихий обидаларни кўриш учун боришганини айтишганди.
















