Мадридликлар ва лондонликлар кучли ёмғир остида ва кўклар жамоасининг франциялик таянч яримҳимоячисининг кучли ўйини билан кечган ўйинда бир-бирига биттадан гол урди. Чемпионлар лигаси финалчиси масаласи кейинги ўйинга қолдирилди.
Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин
«Реал» — «Челси» — 1:1 (1:1)
Голлар: Пулишич, 14 (0:1). Бензема, 29 (1:1).
«Реал»: Куртуа, Марсело (Одриосола, 77), Варан, Начо, Карвахаль (Асенсио, 77), Эдер Милитао, Модрич, Кроос, Каземиро, Бензема (Родриго, 90+2), Винисиус Жуниор (Азар, 66).
«Челси»: Менди, Тиагу Силва, Аспиликуэта (Жеймс, 67), Рюдигер, Кристенсен, Чиллуэлл, Жоржинью, Канте, Маунт, Вернер (Ҳаверц, 66), Пулишич (Зиёш, 66).
Огоҳлантиришлар: Винисиус Жуниор, 27. Пулишич, 38. Кроос, 60. Марсело, 65. Варан, 78. Одриосола, 89.
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).
27 апрел. Мадрид. «Альфредо ди Стефано» стадиони.
Жавоб ўйини 5 майга белгиланган.
Чемпионлар лигасида бу икки жамоа илк бор тўқнашди. Бу ҳам Суперлига қанчалик ёмон ғоя эканини кўрсатади. Бу турнирда бу жамоа ўзаро ўйнайвериб, мухлисларни зериктириб юборган бўларди. Ҳозирги ҳолатда эса бу тўқнашувга қизиқиш катта эди.
Кадрлар муаммоси «Реал»нинг нафақат таркиб борасидаги, балки схема бўйича танловига ҳам таъсир кўрсатди. Зинедин Зидан Рамос, Менди, Васкес ва Вальверде каби футболчилардан фойдалана олмасди, бу футболчиларнинг йўқлиги эса мураббийни тажрибалар қилишга мажбур қиларди.
Зидан беш нафар номинал ҳимоячини ва фақат икки ҳужумчини туширди. Аммо шу билан бирга «Реал» прессинг учун 3-4-3 схемасини танлади, худди «Челси» каби. Винисиус, Бензема ва Модрич прессингнинг илк чизиғидан ўрин олишди, Каземиро ва Кроос бир чизиқда жойлашишди. Бундай ноодатий жойлашув футболчиларга ноқулайлик келтириб чиқарди.
Томас Тухель ўз одатига кўра 3-4-3 схемасини танлади, аммо унда сюрпризлар ҳам бор эди. Прессинг вақтида ҳужум учлиги вакили бўлган Маунт позицион ҳужумларда ортга қайтиб, Канте билан бир чизиқда жойлашди ва схема 3-5-2 кўринишига ўзгарди. У ҳам, Канте ҳам тўпни орқароқдан олиб чиқишди, ҳужумнинг якуний босқичида олдинга ўтишди.
Таркибда ҳам кичик сюрприз бор эди. Одатда марказий ҳимоя учлигида ўйнаган Аспиликуэта фулбек ролида тушди. Қолган ҳолатларда Тухелнинг танлови олдиндан маълум эди. Ковачич йўқлиги туфайли таянч зонасини Канте ва Жоржиньо жуфтлиги банд этди, Пулишич ва Вернер жуфтлиги ўйинни бошланғич таркибда бошлади.



















