02:28 / 02.05.2021
28038

Россиялик влогернинг репортажидан кейин Қарши яқинидаги чиқинди полигонида тозалаш бошланди

30 апрель куни Kun.uz’да «Сен ўзбекистонликмассан...» – россиялик влогер Қарши шаҳри яқинидаги чиқинди полигонини ёлғиз тозаламоқчи бўлди» сарлавҳаси билан танқидий мақола эълон қилинди. Унда россиялик влогер Константин Ткачёвнинг Қарши шаҳри яқинидаги чиқинди полигонига тўкилган целлофан пакетларни шамол узоқ жойларга учираётгани ва атроф-муҳитга зарар етказаётгани ҳақидаги мулоҳазалари ёритилган эди. Бугун Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси мазкур мақолага ўз муносабатини билдирди.

Унда ёзилишича, россиялик влогер ёритган муаммони ҳал этиш мақсадида бугун, 1 май куни Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК, Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда «Эко Транс» МЧЖ ҳамкорлигида ҳашар бошланган.

Қайд этилишича, унда 200дан ортиқ ҳашарчи қатнашган ва улар томонидан целлофан пакетлар битталаб терилиб, махсус машиналарга ортилган. Йиғилган чиқиндиларни ташиш учун 10та махсус техника ва чиқиндиларни кўмиш учун бульдозер жалб этилган.

Бундан ташқари, Қарши шаҳар назорат инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудда назорат кучайтирилиб, ноқонуний чиқинди тўккан автомашина ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилмоқда.

Маълум бўлишича, россиялик влогер назарда тутган ҳудуд «Эко Транс» МЧЖга қарашли бўлиб, чиқиндилар вақтида кўмилмагани учун масъул ходимга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Таъкидланишича, ҳашар давом эттирилади.

«Сен ўзбекистонликмассан...» – россиялик влогер Қарши шаҳри яқинидаги чиқинди полигонини ёлғиз тозаламоқчи бўлди»

Top