Музей 1926 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 12та кўргазма залларига эга. Бу ерда Ернинг геологик тараққиёт босқичлари, даврлар изини қолдирган ўзгаришлар, қадимги тоғ-кон саноат қазилмалари, қадимги жонзотлар, динозаврлар қолдиқлари, уларнинг тош қотган қадам излари, тошларда абадийликка муҳрланиб қолган бошқа жонзотлар ва асосийси, Ўзбекистоннинг геологик бойлиги ва турфа хиллигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, табиий ахборот ташувчилар ҳисобланган музей экспонатлари геологик жисмларнинг тузилиши ва таркиби тўғрисидаги энг асосий ва ягона маълумот бўлиб хизмат қилади.
Залларидаги экспонатлар ва бошқа кўргазмалар тўғрисидаги маълумотлар экскурсоводлар томонидан 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Ҳар бир ташриф буюрувчи музейдаги тарихий топилмалар ҳамда табиий бойликларнинг ноёб турларини кўриши мумкин.
Дастлабки геологияга кириш залида О.Ю.Шмидт гипотезасига кўра, Ернинг пайдо бўлиши тасвирланган. Умуман, ушбу биринчи залда вулқон тузилмаси, портлаш турлари магматизм жараёнлари, ер пўстининг схемаси, метаморфизм ҳақида тушунчалар, дарёлар ва водийларнинг шаклланиши, селларнинг, жарликнинг дастлабки ривожланиш босқичлари, Ернинг ички тузилиши макети кўрсатилган.
Шунингдек, зал марказида “геология” сўзи атрофида геология тармоқлари кўрсатилган диаграмма ҳам жойлаштирилган.

Музейнинг қадимги тоғ-кон саноат қазилмалар залида қадимги одамларнинг меҳнат қуроллари, ҳунармандчилик ва уй-рўзғор буюмлари, тангалар тақдим қилинган.










































































