Ўзбекистон | 08:59 / 06.05.2021
2100
2 дақиқада ўқилади

Андижонда авиакассага ўғриликка тушган шахс қўлга олинди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Андижон шаҳри Бобур шоҳкўчасида жойлашган авиакасса биносига дераза орқали кирган шахс 92 миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда. 

Жорий йил 2 май куни соат 02:30 ларда номаълум шахс Андижон шаҳри Бобур шоҳкўчасида жойлашган авиакасса биносига дераза орқали кириб, бинодаги темир сейф ичидан жамиятга тегишли 92 221 000 сўм пулларни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ушбу жиноятни автомашина устаси 25 ёшли Х.О. содир этгани аниқланиб, ундан 36 600 000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Х.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давомида Х.О. ўз кўрсатувида галлюцинацияга олиб келувчи таблеткалар таъсири остида ушбу жиноятни содир қилганини маълум қилган.

Ҳозирда Х.О.нинг қон намуналари олиниб, тегишли экспертизалар тайинланган.

Аввалроқ, Асака туманида банк ходимлари 158 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилгани аниқланган эди.

Мавзуга оид