Ўзбекистон | 08:11 / 07.05.2021
3184
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада иккинчи жаҳон уруши фахрийларига президент совғалари топширилди

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фарғона вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига пул мукофотлари, байрам совғалари топширилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулла Бузруков, вилоят Мудофаа ва Хавфсизлик тизимлари раҳбарлари, сенаторлар, вилоят секторлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари вилоятнинг қатор шаҳар ва туманларида бўлиб, уруш фахрийлари йўқланган.

Қайд қилинишича, Қува туманидаги Қайирма қишлоғида яшовчи, 1942 йил май ойида урушга кетган ва Польша, Украина ва Белоруссияда жанг қилган Эргаш ота Тошбоев ҳамда шу туманлик Мўмин ота Тошматов хонадони йўқланган.

Шунингдек, Тошлоқ туманидаги “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рустам ота Акбаров, марғилонлик Акрамжон ота Ҳакимов, Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғида яшовчи 96 ёшли Тўланбой ота Шокиров, Фарғона шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари Татяна Усмонова, Қурбон Сатторовлар ҳамда Фарғона туманида яшовчи Ориф ота Мўминов ҳолидан ҳам хабар олиниб, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан муборакбод этилган. 

Фахрийларга эсдалик совғалари ва 12 миллион сўм пул мукофоти топширилган.

Мавзуга оид