Дам олиш кунлари Европа миллий чемпионатларида ҳал қилувчи палла бўлади, деб бемалол айтиш мумкин. Испанияда чемпионликка даъвогар тўрт жамоа ўзаро ўйинларда майдонга тушса, Англияда ЕЧЛ финалига чиққан клублар тўқнашуви, бошқа лигаларда ЕЧЛ йўлланмалари учун кураш авж олган. Соврин юта олмаслиги билан «ном қозонган» Маурисио Почеттино эса бу «ишни» Францияда ҳам давом эттириши мумкин. «Лилль» мавсум тугашига 2 тур қолганда пешқадам ва жуда ишончли кўринмоқда.

Ла Лига. 35-тур

8 май (шанба)

БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИКО

Ўйин бошланиш вақти: 19:15

ТВ-трансляция: FutbolTV

Бугун Испанияда нафақат турнинг, балки йилнинг марказий учрашуви бўлиб ўтади. 7 йил аввал «Камп Ноу»да худди шу жамоалар ўртасида чемпионлик ўйини бўлиб ўтган ва 1:1 ҳисобидаги дуранг мадридликларни мамлакат чемпионига айлантирганди. Бу сафарги интрига янаям каттароқ, зеро дуранг «Барселона»ни ҳам, «Атлетико»ни ҳам қониқтирмайди. У ҳолда «Реал» биринчи ўринга чиқиб олиши ва уч тур қолганда ушбу пойганинг фаворитига айланиши мумкин.

«Барселона» «Гранада»дан учралган аламли мағлубиятдан сўнг, учликдаги фаворит мақомини бой берди. Энди Куман шогирдлари бугун «Атлетико»ни ютишлари шарт ва «Реал»нинг қоқилишидан умид қилишларига тўғри келади. «Атлетико»нинг имконияти эса ўз қўлида – қолган 4 ўйинда ғалаба қозон ва сен чемпионсан.

Ўйинга ҳар икки жамоа ҳам оптимал таркибларда етиб келаётгани ҳам айни муддао, учрашувнинг шиддатли ва сифатли бўлишини таъминлайди. Фақатгина меҳмонлар сафида қанот литерали Ренан Лодининг жароҳати Симеоне имкониятларини чеклаши мумкин. Одатда, у топ рақибларга қарши уч марказий ҳимоячи билан ўйнайди ва бу схемада Трипьер ва Лоди икки қанотда тўп сурадилар. «Эльче»га қарши ўйинда «Атлетико» 4-4-2 ўйнади, Карраско ва Лемар вингер позицияси учун танланди. Хўш, Симеоне ўз анъанасидан воз кечиб, кучли рақибга нисбатан ҳам 4-4-2 да ўйнайдими ёки литерал сифатида Лодининг ўрнига Карраско ёки Лемардан фойдаланадими? Ҳар икки ҳолат ҳам Симеоне учун оптимал вариант эмас ва айнан шу муаммо балки мадридликлар учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин.

Ўзаро ўйинларга келсак, биринчи даврада Мадридда бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар минимал ҳисобда ғалаба қозонгандилар. Умуман сўнгги уч ўйиндан бери каталонияликлар «Атлетико»ни енга олмаяптилар. «Камп Ноу»даги сўнгги учрашув ўтган йилнинг июлида бўлиб ўтган ва 2:2 ҳисоби қайд этилганди.