Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи рақамлари икки кишида бир хил чиқмоқда. Бунга сабаб нима?
Kun.uz сайтига йўлланган мурожаатлардан бирида фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи (ИНПС)нинг рақами икки фуқарода бир хил чиқаётгани айтилади.
Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Халқ банки» Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими бошқарув департаменти директори ўринбосари Алишер Хушматов билан боғландик.
Мутахассиснинг маълум қилишича, амалиётда ҳақиқатан ҳам шундай ҳолатлар кузатилади. Бу ҳолат тизим янгиланаётгани ва паспортлар билан боғлиқ.
«Иккита фуқарога бир хил ИНПС рақами тўғри келиб қолиши паспортнинг янги (биометрик) ёки эскилиги билан боғлиқ. Бунда рақамларнинг бири янги очилган, иккинчиси эски бўлади.
2008 йилда биометрик паспортлар бўлмаган. Эски паспортдаги рақамлар ҳар бир туманнинг ўз базасида бўлган. Масалан, мен Юнусободда яшаб, кейин Чилонзорга кўчсам бошқа ИНПС берган, рақам ўзгарган.
Энди янги паспортлар берила бошлаганида бир хил рақам тушиб қолиш ҳолатлари кузатилиб туради. Олдин очилган эски паспорт билан янги биометрик паспорт рақамлари бир хил бўлиши мумкин.
Бу рақамлар бир хил бўлган тақдирда ҳам дастур ёрдамида ҳисобварақлар алоҳида юритилади. Қайси рақам тўхтатилгани базамизда чиқиб туради.
Ушбу ҳолат юзага келишининг асосий сабабларидан бири – фуқаролар ҳамда иш берувчилар «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг айрим моддаларига амал қилмасликлари билан боғлиқ. Яъни ушбу ҳужжатнинг 21-моддасида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчи «Халқ банки»нинг мазкур тўловчи олдидаги мажбуриятларини бажаришига таъсир қилувчи ўзгаришлар тўғрисида банк филиалига хабар қилиши шартлиги, 22-моддасида эса жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчилар банк филиалига жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш учун зарур маълумотларни тақдим этишлари ҳамда фуқароларнинг шахсига оид маълумотлар билан боғлиқ барча ўзгаришлар (меҳнат шартномаси тузилгани ёки бекор қилингани, паспортдаги маълумотлар ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини юритиш учун зарур бошқа маълумотлар ўзгаргани) тўғрисида хабар қилишлари шартлиги келтирилган. Аммо фуқаролар ҳамда иш берувчилар маълумотларни тақдим этмасдан келмоқда.
Ҳозирда мазкур масалани тизимли ечиш устида иш олиб бориляпти. Яъни ҳар бир рақам базамизга уланган. Фуқароларнинг эски ИНПСи қанақа бўлган, янгиси қанақа ҳаммасини базага киритиш жараёни кетмоқда, тез орада тўлиқ марказлашган ҳолатда бартараф этилади ва ИНПС рақам ўзгаргани тўғрисида иш берувчиларга маълумот юборилади», дейди мутахассис Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Алишер Хушматовга кўра, 2021 йил 23 мартдаги президент фармонига асосан, фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамини автоматик тарзда персоналлаштириш маркази ва ички ишлар билан ҳамкорликда очишни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа ишга тушса, фуқаролар ИНПС рақам очиши талаб этилмайди.
Мавзуга оид
15:21 / 14.02.2026
“Пенсиянгиз кейинги ойдан оширилади” – бу ёлғон!
12:04 / 21.01.2026
Пенсияни нақд шаклга ўтказиш осонлашди
18:49 / 05.01.2026
Байден АҚШ собиқ президентлари орасида энг юқори пенсияни олиши аниқланди
21:02 / 29.12.2025