Исроил ва Фаластин ўртасидаги баҳсли ҳудудда жойлашган Масжидул Ақсо атрофида уч кундан буён тартибсизликлар тинмаяпти. Қуддусдаги ислом олами учун муқаддас масжидга ибодат қилиш учун бораётган фаластинликлар Исроил полициясининг қаршилигига учради. Оқибатда юзлаб фаластинликлар, 20 нафар исроиллик полициячилар жароҳатланган. Қуддус Исроилнинг сиёсий назоратига ўтганининг 54 йиллиги муносабати билан тўқнашувлар бўлиши кутилганди, чунки бу ҳар йили ўша уруш бошланган май-июн ойларида тўқнашувлар хуруж қилиб туради.

Олти кунлик урушда нималар бўлганди?

1967 йил 5-10 июн кунлари бўлиб ўтган жангда Исроил араб коалициясига (Миср, Сурия, Иордания, Ироқдан иборат) қарши жанг қилиб, охир-оқибат ўз ҳудудидан 3,5 баравар катта ерларни эгаллаб олади. 1967 йил тонгида Исроил қирувчи самолётлари араб коалициясини яксон қилиб, бугун расман ўзиники қилиб олган ҳудудларни 6 кун ичида эгаллайди. Бу урушда Сурия Жўлон тепалигини, Миср Синай яримороли ва Ғазо секторини, Иордания эса Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини бой беради. Айнан шу урушдан сўнг Исроил Қуддуснинг эгаси эканини айта бошлаб, чегараларини шаҳар ҳудудидан белгилайди. 1980 йилда эса Исроил Қуддусни ўзининг ажралмас бўлаги деб эълон қилади.

Шанба куни фаластинликлар уларга масжидга боришга рухсат бермаган исроиллик полициячиларга тошлар билан ҳужум қилишди. Уларга қарши эса кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатилган. 215 нафар жароҳатланган фаластинликлардан 153 нафари касалхонага ётқизилган. Улардан 4 нафари оғир ҳолатда. Исроил полицияси Эски шаҳар ва Сиғиниш тоғидаги ҳудудда хавфсизлик кучайтирилганини маълум қилган. Душанба куни Қуддус Исроил тасарруфига ўтган куни экани муносабати билан тартибсизликлар кучайиши кутилганди. Бу кун Исроилда Иерусалим куни (Қуддусни шундай аташади) сифатида нишонланади. Бу кунда исроилликлар мусулмонлар яшайдиган ҳудудлардан ва Йиғи девори олдидан юриб ўтиб, одатда уруш бошланиб кетади. Бу сафар ўзига хос марш рамазон ойига тўғри келди. Шу сабаб Исроил полицияси марш иштирокчиларига Ақсо масжиди атрофидан юришни тақиқлаганди.