Инсон борки, кўзни қувнатадиган чиройли яратиқлар жорий этишни хуш кўради. Бу яратиқлар табиатга, жониворларга зарар етказиш, уларни азоблаш ҳисобига бўлиши эса ачинарли ҳолат.
Нафақат пойтахтда, балки барча вилоятларда кўплаб сотилаётган бу жўжалар кимёвий бўёқ ёки озиқ-овқат бўёғи ёрдамида шундай ҳолатга келтирилган.
Инкубаторда очирилган жўжалар 800-1000 сўмдан туради ва 1 кунлик жўжаларни истаганча топиш мумкин экан. Бу жўжаларни хоҳлаган рангга бўяб сотиш мумкин. Kun.uz суҳбатлашган сотувчилар бундай жўжадан бир кунда ўртача 500 дона сотилаётганини айтишди.

Масалан, улгуржи нархда 1000 сўмдан жўжа сотиб олиб, уларни бўяб, ўртача 5000 сўмдан сотилса, бор-йўғи 500 та жўжа сотган одам бир кунда 2 млн даромад кўриши мумкин. Осон ва арзон бизнес тури. Эътиборимизни тортган жиҳат – харидорларнинг аксарияти фарзандлари учун харид қилишмоқда.
Аммо бунинг зарарли жиҳатлари бор. «Паррандасаноат» уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳаким Нормуҳаммедов жўжаларнинг бу усулда реклама қилиниши уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини айтди.

«Мутахассис сифатида айтаманки, бу жўжалар озуқа бўёқлари билан ҳар қайси рангга алоҳида бўялиб, сотувга чиқариляпти. Жуда чиройли ёрқин рангларда улар диққатни тортади. Лекин ҳаммамизга маълумки, табиатда паррандалар табиий равишда бундан рангларга эга эмас.
Бунинг салбий таъсири шундан иборатки, териси ва нафас олиши орқали жўжа организмига бўёқ элементлари тушади. Бунда унинг организми зарарланади. Биринчи навбатда бўёқ сепилганда жўжаларнинг усти ҳўл бўлади. Янги очиб чиққан жўжа териси жуда нозик бўлади. Намлик оқибатида бир неча кундан сўнг унда шамоллаш кузатилиши мумкин. Яна бир ёмон таъсири, нафас орқали кирган бўёқ заррачалари жониворнинг ўпкасини зарарлашида.
Баъзи ҳолатларда жўжа очилмасдан туриб тухум қайси рангга бўялса, шу рангда жўжа очилишини эшитяпмиз. Қўпол қилиб айтганда, бу эртак. Жўжанинг ранги тухумнинг рангига боғлиқ эмас. Одатда тухум ранги оқ, жигарранг ва қаймоқрангда бўлади. Лекин тухум қайси рангда бўлишидан қатъий назар очиб чиққанда хўроз жўжаларнинг ранги бошқача, товуқларнинг ранги бошқача бўлишини кузатиш мумкин, яъни иккаласиям бир хил рангли тухумдан чиқса ҳам ранглари турлича бўлади», – деди мутахассис.
















