«Ҳарбийлар чегара яқинига келтирилади. Бу тайёргарлик қадами», деган Исроил мудофаа армияси матбуот котиби, подполковник Йонатан Конрикус.

Унинг сўзларига кўра, захирадагиларнинг 3 минг нафари армияга сафарбар этилган, чегарадаги ҳарбий қўмондонларга эса воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр туриш бўйича кўрсатма берилган.

«Улар у ерда жанговар шай ҳолатда туришибди, улар жангга тайёрланмоқда деса ҳам бўлади. Аммо бу эртагаёқ қиладиган биринчи ишимиз эмас - биз эътиборимизни душманнинг имкониятларини пасайтиришга қаратганмиз», дея қўшимча қилган армия вакили.

Чоршанба кун кун давомида Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС гуруҳи ва Исроил армияси бир-бирига зарбалар беришда давом этди. Фаластинликлар Исроил ҳудудига яна ўнлаб ракеталар учирди - бу Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан йўлланган авиазарбалар оқибатида Ғазодаги яна бир кўп қаватли бино вайрон этилишига жавобан амалга оширилди.

Хабар қилишларича, томонлар бир-бирига ҳарбий ҳужум қила бошлаган душанба кунидан буён Ғазо секторида камида 72 киши ҳалок бўлган, шундан 17 нафари болалардир. ҲАМАС томонидан назорат қилинувчи Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, исроилликларнинг зарбалари туфайли яраланганлар сони 400 нафарга яқин.

Исроил томонидаги йўқотишлар сони эса 7 киши, шу жумладан, бир бола, бир ҳарбий хизматчи ва Ҳиндистон фуқароси ҳалок бўлган. Сўнгги кунда Исроилнинг бир неча шаҳарларида, шу жумладан, мамлакат жанубидаги Сдеротеда ракеталар портлаган - уйлардан бирига ракета келиб тушиши натижасида олти ёшли бола қурбон бўлган. Сешанба куни Исроил ҳукумати жароҳатланганлар сони 100 нафарга яқинлиги тўғрисида маълумот берганди.

Бир неча соатлик танаффусдан кейин пайшанбага ўтар кечаси фаластинликлар ракета ёғдиришни давом эттиришди. Исроилдаги нашрлар хабар беришича, мамлакатнинг маркази ва жанубида, шунингдек, Ғазо секторидан анча олисда жойлашган шимолдаги айрим шаҳарларда ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида сиреналар янграган.

Ўз навбатида, Исроил ҳам пайшанба тонгида Ғазо секторининг шимолий ҳудудларига ракета зарбалари йўллади. ОАВ маълумотига кўра, Исроил мудофаа армияси ҲАМАС разведка хизматлари фаолият олиб борувчи бинони нишонга олган, шунингдек, ушбу гуруҳ молиявий амалиётларини амалга ошириладиган банк ҳужумга учраган.