Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, шифохона фаолияти билан танишди. Давлат раҳбари шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди, уларни Рамазон ҳайити билан табриклади. Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган вилоят студиясидан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят тиббиёт соҳаси вакиллари иштирок этдилар.
Видеоселектор йиғилишидан сўнг вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналарини Президент номидан Рамазон байрами билан қутлаб, уларга совғалар топширди.

Шу билан бирга, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали ҳамда Қўқон филиалига 1,3 миллиард сўмлик ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ), кислород концентраторлари, кардиомониторлар, СИПАП портатив нафас олдириш ускуналари, реанимация махсус ётоқлари, музлаткичлар, болалар ётоқлари келтириб, ўрнатилди.
Маълум қилинишича, яқин кунларда яна 3,5 миллиард сўмлик жиҳозлар етказиб берилиши режалаштирилган. Х.Бозоров ушбу шифохоналарда даволанаётган беморларга ҳам Президент номидан байрам совғаларини топширган.

Фарғона вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, Республика Онкология ва Радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалига Чехиянинг UJP PRAHA компаниясидан Terabalt маркали ионлаштирувчи радионуклид жиҳози олиб келиб, ўрнатилган бўлиб, аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаш учун Чехиядан радиологларнинг келиб, жиҳоз билан ишлаш борасида жойида ўқув ташкил этиб беришлари кутилмоқда. Яқин кунларда мутахассислар ташрифи ташкил этилади ҳамда ушбу хизмат ҳам йўлга қўйилади.












