16 май куни Тошкент шаҳрида Azon TV ташаббуси билан марҳум Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб «Қуръон мусобақаси – 1442» танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Қуръон мусобақасига қатнашиш учун Ўзбекистон бўйлаб мингдан зиёд аризалар келиб тушган бўлиб, илк босқичда улардан 280 нафари саралаб олинган. Финалга эса 28 нафар қори етиб келди.

Андижонлик Муҳаммадиброҳим Каримов мусобақанинг ҳифз йўналишида (Қуръонни тўлиқ ёд олган қорилар) мутлақ ғолиб бўлди ва «Spark» автомобили билан тақдирланди.
Kun.uz жамоаси Андижонда Муҳаммадиброҳим Каримов хонадонида бўлиб, қорининг отаси Тоҳиржон Каримов ва устозларидан бири билан суҳбатлашди.

«Ўғлим Муҳаммадиброҳим қорини ёшлигидан Исломга қизиқиши баланд бўлган. 6 ёшида 1 пора Қуръонни ёд олган бўлса, 12 ёшда тўлиқ 30 пора Қуръон ёдлаган. Боболари Андижондаги Девонабой масжидига олиб борган, у ерда Ҳусанхон қори ака деган устоздан таълим олган. Шундан сўнг Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги масжидларда рамазон вақтида хатмларга ўтиб юрди. Ўзининг илми ва ҳаракати билан Ўзбекистон Халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилинди.
Мана, Аллоҳнинг фазли билан Қуръон мусобақасида ҳам ғолиб бўлди. Бу йўлда оналари ва боболарининг хизматлари катта бўлган», – дейди қорининг отаси Тоҳиржон Каримов.

«Муҳаммадиброҳим қори – Андижондаги етук қорилардан бири. У кишига ўзи халқ баҳосини бериб бўлган. Аллоҳ таоло Қуръонни туширган замон ва маконни улуғ қилган. Қуръон ёзилган қоғозлар ва битиклар ҳам эъзозланиб юқорига қўйилар экан, Қуръонни ўзига жо қилган қалблар ҳам инсонлар томонидан эъзоз қилинади.
Қуръоннинг қиёматгача сақланиш воситаларидан бири – унинг китобларга ёзилиш бўлса-да, аммо унинг асосий сақланиш жойи – мўминларнинг қалбларидир. Чунки Қуръони Карим қалблардан қалбларга ўтади. Унинг зикри қачонки, устозни олдида ўтирган вақтда осон бўлади», – дейди устозларидан бири Муҳаммадайюб Файзуллоҳ.

















