Ўзбекистонлик Элдор Шомуродов Италия А Сериясидаги илк мавсумида ёрқин ўйин кўрсатди. Айниқса мавсум охирида ҳужумчи самарадорлик бўйича Роналду, Лукаку ва Иммобиле каби топларни ҳам ортда қолдирди. Россиянинг етакчи спорт нашри Sports.ru сайти ижодкори Александр Бастригин Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти ва уни келажакда нима кутаётгани ҳақида мулоҳазаларини билдирди.

А Серия охирги турида Шомуродов «Кальяри» дарвозабони билан яккама-якка чиқиб, техникасидан фойдаланган ҳолда гол урди. Бу гол ўйинда ягона бўлди ва «Женоа»га ғалаба келтирди. Тўғри, бу ғалаба жамоанинг умумий натижаларига таъсир қилмади ва «Женоа» 42 очко билан 11-ўринда қолди. Элдор охирги 6 та ўйинда 5 та гол урди. Бутун мавсумда эса у 8 та гол уришни эплади.

Шомуродов жамоасининг мавсумдаги учинчи тўпурарига айланди: Скамакка 12 та, Дестро 11 та гол урди. Гол+пас бўйича ҳам учинчи бўлди. Унинг ҳисобида 8 та гол + 2 та ассист бор. Дестрода 11+1, Скамаккада эса 12+2.

Элдор 2020 йил 1 октябрда «Ростов»дан «Женоа»га ўтиб, А Серияда майдонга тушган иккинчи ўзбекистонликка айланди. Унгача Илёс Зейтуллаев «Режина» сафида икки марта А Серия учрашувида майдонга тушган.

Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти омадсиз бошланди десак, хато бўлмайди. Бошланишига уч ой гол урмади. Тўғрироғи, учта ўйинда гол ура олмади, кейин яна учта ўйинни жароҳат сабаб ўтказиб юборди. Италиялик агент Марко Трабукки футболчининг Италиядаги фаолияти мантиқан тугаганини айтиб, шундай деганди:

«Шомуродовни яхши нарсалар кутмоқда деб айта олмайман. У 90 дақиқа давомида ошиб борса, уч марта яхши тўп узатишини қабул қилиши мумкин, кўп эмас. Бу эса у учун етарли бўлмайди. Бу «Женоа» учун катта хато ва «Ростов» учун зўр трансфер бўлди. Шомуродовга ўзининг заргарона узатмага эга Роман Ерёменкоси бор ҳужумкор жамоа керак. Ҳужумчининг «Ростов»даги охирги мавсуми омадсиз кечди. Шомуродовга ҳурматимни сақлаган ҳолда бу омадсиз трансфер бўлганини айтишим мумкин. Уни яқинда ярим нархига Россияга сотиб юборишса керак», деганди агент.

Шомуродов Италияда яхши бошлай олмаганда, «Ростов» мухлислари ҳам турли фан каналларда Шомуродов яхши вақтда сотилганини айтишганди. Бироқ воқеалар ривожи бу мухлисларни ҳам, юқоридаги агентни ҳам уялтириб қўйди. Шомуродов 30 ноябрдаги «Парма»га қарши ўйинда танқидларга жавоб беришни бошлади. У жуда қийин вазиятда туришига қарамай, яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Бироқ бу гол жамоасига фойда келтирмади ва «Женоа» енгилди – 1:2.