08:19 / 25.05.2021
6542

Тошкентда ёмғир вақтида кўчаларда сув тўпланиб қолиши чиқиндилар туфайли юз бергани айтилди

23 май куни пойтахтда бир неча соат давомида ёғган ёмғир жуда кўп муаммо ва ноқулайликларни келтириб чиқарди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, пойтахтга хизмат кўрсатувчи коммунал хизмат ходимлари ва техника таъминотида аввалги йилларга қараганда анча ўсиш бор. Авариявий вазиятларда фойдаланиш учун махсус машиналар харид қилинган, ишчилар сони ортган. 

Ободонлаштириш бошқармаси ходими Хайрулла Турсунов шундай деди:

“Биз соат 19:00дан иш бошладик ва салкам 3 соат мобайнида Миробод туманининг марказий ва ички кўчаларини ёмғир сувларидан тозаладик. Аслида, ҳар куни бу кўчаларни ва ариқларни тозалаймиз, супурамиз. Бироқ эртаси куни худди иш қилинмагандек, яна шу аҳвол. 

Савол беришингиз мумкин, нега ҳар куни ариқлар тозаланса ҳам сув оқиб кетмаяпти деб. Кеча тозалаган ариқларимизнинг барчасини полиэтилен пакетлар, бир маротабалик қоғоз стаканлар ва баклажкалар тўсиб қўйган ва сув оқиб кетишига имкон бўлмаган. Айниқса, полиэтилен пакетлар барча муаммоларнинг сабабчиси. Ариқларнинг зовурларга қуйиладиган қисмида темир панжаралар ўрнатилган, ўша ерни тозалаб ташласак муаммо ҳал. Бироқ, унга қадар вақт керак бўлади ва йўлларга сув тошади”. 

Билдирилишича, пойтахтда ёғган ёмғир натижасида кўплаб марказий ва ички кўчалар сув тўпланишидан азият чекди. 

Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал масалалари бўйича ўринбосари в.б. Шоҳрух Раҳимжонов:

“Шу куни бизнинг ходимларимиз соат 19:00дан 01:30га қадар тинмай ишлашди. Аслида, уларнинг иш вақти 18:00гача бўлса ҳам, бундай вазиятларда уларнинг ёрдами бизга жуда зарур. 300 нафар ободонлаштириш ходимлари ёғаётган ёмғир остида хизмат қилишди. Шунингдек, 20тадан ортиқ техникамиз тўпланиб қолган сувларни тортиб олишди, чиқиндиларни олиб чиқиб кетишди ва бошқа вазифаларни бажаришди. Қолаверса, ФВВ ходимлари ҳам бу жараёнга жалб этилди. 

Асосий сув тошган кўчалар: Амир Темур кўчаси; Г.Узоқов кўчаси; Ашхобод боғи яқинидаги туннел; "Миробод" деҳқон бозорининг олд томони. Бу кўчалар доим автомобиллар ва одамлар билан гавжум, қолаверса, уларда чиқинди ташлаш учун қутилар етарли. Бироқ, кимларнингдир эринчоқлиги ёки шунчаки одати боис мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юзага келмоқда. 

Машинадан чиқинди отаётганингизда ёки қўлингиздаги бўш пластик идишни ариққа ташлаётганингизда “битта меники нима ҳам бўларди” деб ўйларсиз. Аммо сиз каби ўйлайдиганлар кўпайиб кетаётганлиги боис, 300 нафардан ортиқ оила бошлиқлари ўша тунни ариқлардаги сиз ташлаган чиқиндиларни тозалаш билан ўтказди”, дейилади маълумотда. 

Top