08:09 / 25.05.2021
3548

Ёзёвон қумтепаликлари давлат муҳофазасига олинганлиги маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда дунёда ноёб, шифобахш ҳисобланган Ёзёвондаги қум тепаликларни тадбиркорлар эгаллаб олаётганлиги иддао қилинган хабарлар тарқалди. Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўз муносабатида у давлат муҳофазасига олинганлигини айтмоқда

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туман чўлларидаги қум тепаликлар маҳаллий тадбиркорлар томонидан эгаллаб олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларга кўра, ушбу қум тепаликлар дунёда ноёб ва шифобахш саналади. 

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати мазкур хабарларга расмий муносабат билдирди. 

Таъкидланишича, мазкур муаммолар  ўтган йили ҳал қилиниб, ҳозирга қадар тадбиркорлар томонидан эгаллаб олиш ва талон-торож ишларига чек қўйилган. Шунингдек, ҳудуд Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ назоратга олинган. 

Ўрганишлар давомида «Ёзёвонмахсуссувқурилиш» ДУК қурилиш объектида фойдаланиш учун “Марказий-Фарғона” қум конининг 5-участкаси ҳудудидан саноат усулида қум қазиб олиш масаласи кўтарилган. Ушбу масала ўрганиб чиқилиб, Давлат экология қўмитасининг 2020 йил 22 апрелдаги хатига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дастлабки хулоса киритилган. Хулосада “Кон участкасида қолган қум захирасини Давлат геология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва “Ёзёвонмахсуссувқурилиш” ДУК иштирокида жойига чиқиб ўрганиш мақсадга мувофиқлиги маълум қилинган.

Маълум қилинишича, 2020 йил 7 май куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Фарғона вилояти бошқармасининг 4 нафари мутахассиси, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси инспектори, “Узгидротехник” МЧЖ директори ўринбосари, Фарғона давлат ўрмон хўжалиги ўрмон устаси иштирокида “Марказий-Фарғона” қум конининг 5-участкасида ўрганиш ўтказган. 

Мазкур участка “Ёзёвон чўллари” табиат ёдгорлиги ҳудудида жойлашган бўлиб, 105.7 гектар майдонни эгаллайди. “Ёзёвон чўллари” табиат ёдгорлиги Марказий Фарғонанинг Ёзёвон ва Қўштепа туманларининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, ҳали ўзлаштирилмаган, ўзига хос ноёб ландшафти шаклланган биологик тизимга эга, бу ердаги экологик тизим асрлар давомида ташкил топган ва ривожланган.

Табиат ёдгорлигидаги ўсимлик дунёсининг 188 туркумга оид бўлган 302 хилдаги ўсимлик тури, шу жумладан, 5 турдаги дарахтлар, 24 турдаги буталар ва 10 турдаги чала буталар, 98 турдаги кўп йиллик ўтлар, 165 турдаги бир йиллик ўтларни ташкил қилади. Ёдгорлик ҳудудидаги ўсимликларнинг 91 тури шифобахш, 81 тури эса бегона ўтларни ташкил қилади.

Ишчи гуруҳининг хулосасига асосан, қум захираларини ўзлаштириш натижасида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган кўплаб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг йўқолиб кетишига ёки камайиб кетишига ҳамда мазкур ҳудудда ер ости сизот сувлари кўтарилишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, ушбу ҳудудда қазиш ишларини олиб бормаслик мақсадга мувофиқ деб топилган.

"Ўз навбатида Давлат экология қўмитаси алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, “Ёзёвон чўллари” табиат ёдгорлиги ҳудудида қум қазиб олишга йўл қўймаслик юзасидан назорат ишларини олиб бормоқда, жумладан, 2021 йил 14 май куни назорат тадбирлари амалга оширилди ва табиат ёдгорлиги ҳудуди қатъий назоратга олинган", - дейилади бошқарма расмий муносабатида.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ, Фарғона каналига чўкиб кетган ёзёвонлик йигитнинг ўлимига нима сабаб бўлганлиги маълум қилинганди.

Top