Дания (расмий номи Дания Қироллиги) дунёда таълим сифати энг юқори бўлган давлатлардан бири. Жумладан, 2021 йил ҳолатига кўра, Данияда мавжуд 8та университетнинг 7таси THE (Times Higher Education) рейтинги бўйича дунёнинг энг кучли 800 олийгоҳи рўйхатидан жой олган. Университетлардан ташқари, мамлакатда 30га яқин санъат институтлари, академиялар, университет-коллежлар каби олий таълим муассасалари мавжуд.
Рафиқамнинг Данияда таҳсил олиши ортидан ярим йилдан ортиқ мазкур мамлакатда истиқомат қилганмиз. Ушбу мақола орқали Данияда ўқиш учун виза олиш қандай тартибда кечиши ҳақида маълумот бермоқчиман.
Дания ОТМларидан бирига қабул қилинган ўзбекистонлик талабалар қандай қилиб Данияга ўқишга бориши, виза ва яшаш рухсатини (residence permit) олишини кўриб чиқамиз. Таъкидлаш жоизки, талаба сифатида қабул қилинсангиз, сиз яшаш рухсатига ҳужжат топширасиз ва бу рухсат билан бирга автоматик тарзда сизга 6 ойлик муддатга Д виза (узоқ муддатли виза) ҳам берилади.

1. Талаблар
Дания талаба визасини олиш учун номзод қуйидаги асосий талабларга мос бўлиши керак:
- Бирор олийгоҳга қабул қилинган бўлиши,
- таълим тилини етарли даражада билиш (инглиз, дат, немис, норвег ёки швед),
- ўзи ва оиласини (агар бирга борса) бутун ўқиш давомида таъминлаш учун етарли маблағга эга бўлиши керак. Бу маблағ, 2021 йил ҳолатига кўра, бир киши учун ойига 6321 крона (тахминан 1040 АҚШ доллари)ни ташкил этади.
- 18 ёшга тўлмаган бўлса, ота-онасидан фарзандининг Данияда ўқишига розилик баёноти ҳам талаб этилади.














