Бош прокуратурага кўра, 2020 йил 21 июн куни Асака туманида 9 ёшли қизнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.
Тўпланган далилларга асосан дастлабки терговда фуқаро Асрорахон Ҳамдамова 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида киргани ва у ердан пул олганига гувоҳ бўлган, ёш бола Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиргани аниқланган. Шунингдек, А.Ҳамдамова ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этгани ўз исботини топган.
Айбланувчининг кўрсатуви бўйича олинган ашёвий далил (пичоқ), пичоқ дастаси ичидан олинган намуна марҳума қизга тегишли экани тасдиқланган экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатувлари, хусусан тўрт нафар гувоҳ А.Ҳамдамова марҳума қизнинг хонадонидан югуриб чиққанини кўришгани ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.
Бундан ташқари, А.Ҳамдамова ўз айбига иқрорлигини ҳам баён қилган. Жумладан, қўшнисининг уйига ўғирлик мақсадида киргани ва шу қўшнининг ёш қизи (марҳума) уни кўриб қолганидан қўрқиб, норасидани пичоқ билан ўлдирганини тан олган.
“Энг муҳими, А.Ҳамдамованинг иқрорлик кўрсатувлари реал воқеликка асослангани ва ихтиёрий равишда берилгани суд-психология экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган.
Бинобарин, судланувчи тергов жараёнларида қўрқитилгани ёки қийноққа солингани ёхуд бошқача тарзда унга тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги иддаолар билан ҳам келишиб бўлмайди.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда гўёки “асос” қилиб кўрсатилаётган “марҳума қизнинг зўрлангани” ҳам суд-комиссиявий экспертизада ўз исботини топмаган”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, 2020 йил 21 июнь куни мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун Андижон вилоят судига юборилган.
Бироқ, тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.
Шу тариқа Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Ҳамдамова фақатгина фирибгарликда, яъни, марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.














