Иқтисодиёт | 18:13 / 31.05.2021
14523
3 дақиқада ўқилади

Минимал истеъмол харажатлари қиймати моддий ёрдамга муҳтож аҳоли учун зарурлиги айтилди

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида минимал истеъмол харажатлари нега кераклиги, унинг аҳамияти нимада экани ҳақида гапирди.

Вазир ўринбосарига кўра, бу қиймат ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига моддий кўмак беришда муҳим аҳамиятга эга.

«Биз бир нарсани тушунишга ҳаракат қилдик. Нима учун минимал истеъмол харажатларини амалиётга киритишимиз керак? Ва умуман олганда бу нима учун хизмат қилиши керак ва нега шу пайтгача минимал истеъмол савати ёки яшаш минимуми деган тушунчани иқтисодиётга татбиқ этиш қийин бўлган? Давлат эртага ижтимоий кўмакларни, моддий ёрдамни кимга кўрсатади ва қайси миқдордан келиб чиқиши лозим? Мана шу саволларга жавоб излаш учун халқаро тажрибани ўргандик.

Халқаро тажрибада ўрта даромадли ёки ривожланаётган давлатларнинг аксариятида минимал истеъмол харажатлари усулидан фойдаланилади. Албатта, маълум бир давлат бошқаси билан солиштирганда бир-биридан фарқ қилади. Лекин концептуал асоси шу.

Минимал истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини шу пайтгача қила олмаганимизнинг сабаби норматив кўрсаткич атрофида қотиб қолганимиз бўлган. Мамлакатдаги реал иқтисодий имконият инобатга олинмаган.

Илҳом Норқулов

Ёрдамга кўпроқ эҳтиёжи бор аҳоли гуруҳининг харажат ва истеъмол қилиш хусусиятини ўргандик. Айтайлик, мана шу гуруҳда 1 килокалория учун 4,6 сўм харажат қилинса, юқори даромадли гуруҳларда 5-6 сўм ва ундан юқори харажат қилинади.

Мана шу гуруҳларни таҳлил қилганимизда, озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва зарурий хизматларнинг энг минимал даражаси дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда 440 минг сўмни ташкил қилиши аниқланди.

Эндиликда ижтимоий нафақаларни, минимал пенсияларни ва бошқа турдаги ҳисоб-китобларни мана шундан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиш бошланади. Буни тайёргарлик десак тўғрироқ бўлади. Негаки, якуний натижалар йил якунида эълон қилинади», деди Илҳом Норқулов.

Аввалроқ, Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари қиймати эълон қилинганди. Мазкур ҳисобни амалга ошириш учун Жаҳон банки кўмагида республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилган. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.

Мавзуга оид