EastFruit таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда бу йил ўрик экспорти деярли амалга оширилмаяпти. Ички бозорда ўрик юқори нархда экани ва қўшни Тожикистонда нисбатан арзонлиги сабабли, бу йил қўшни мамлакатдан ушбу мева импорт қилинмоқда. Шундай қилиб, ўрик экспорти бўйича жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири бўлмиш Ўзбекистон айни дамда унинг импортчисига айланди. Бунга нима сабаб бўлди ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Бунга асосий сабаб сифатида февраль ойи охири ва март ойи ўрталарида республика ҳудудларига тўсатдан кириб келган совуқ ҳаво оқимини кўрсатиш мумкин. Бу данакли мевалар, айниқса, ўрик ҳосилига катта зарар етказди, аммо қўшни республика Тожикистонда ҳосилга у қадар салбий таъсир кўрсатмади.
Мутахассислар томонидан, февраль ойи охиридаги ноқулай об-ҳаво туфайли ўрик ҳосили бой берилиши эҳтимоли камида 60-65 фоизга баҳоланиб, нархлар камида 2 бараварга ошиши прогноз қилинганди.
Айни пайтда Ўзбекистонда нархлар ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 6,5 баравар юқори кўрсаткични ташкил этмоқда.
Аммо ҳосилга нисбатан анча кам зарар етган Тожикистонда ўрикнинг нархи бир килограмм учун 0,79-1,06 доллар атрофида, яъни Ўзбекистонга нисбатан 3-5 баравар паст. Тожикистонда ўрик нархининг нисбатан анча пастлигига қўшимча омиллардан бири (яхши ҳосилдан ташқари), Қирғизистон билан чегаранинг тўлиқ ёпилишидир. Чунки, одатда, экспорт Қирғизистон орқали амалга оширилади. Аммо Тожикистонда ўрикка кўпроқ қуритилган мева тайёрлаш учун эьтибор қаратилади, унга ҳўл мева бозори маҳсулоти сифатида қаралмайди. Шу сабабли, Тожикистон ўриги экспорти, асосан, Қозоғистон ва Россия бозорларида Ўзбекистон ўрик экспортининг ўрнини боса олмаяпти.
Шунингдек, Ўзбекистондан ўрик экспортининг деярли йўқлиги туфайли бу йил Россияда ўрикнинг улгуржи нархи ўтган йилга нисбатан юқори, аммо бу ўсиш атиги 25 фоиз, холос. Бунинг сабаби, жаҳон ўрик бозорида етакчи экспортчилардан бири ҳисобланадиган Туркия, Россия бозорида айни пайтда рақобат йўқлиги боис асосий етказиб берувчига айланди. Бошқача айтганда, туркиялик боғбонлар бу йил ўрик ҳосилидан яхши даромад олишмоқда. Туркия ўригининг бир килограмми ўртача 1,5-1,6 доллар атрофида сотилмоқда.
2021 йилда Европа Иттифоқида ўрик ҳосили ўтган йилга нисбатан 20 фоиз ва 2015-2019 йилги ўртача кўрсаткичга нисбатан 40 фоиз камайишини













