Жамият | 18:24 / 01.06.2021
19372
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда она-болани ўлдириб, ёқиб юборган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Сирдарё вилояти Боёвут туманида она-болани ўлдириб, ёқиб юборган шахсга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Kun.uz’га маълум қилди.

Боёвут тумани ИИБнинг хабарига кўра, 2021 йил 1 июнь куни соат 03:30ларда Боёвут тумани, «Сармич» МФЙ, Фитрат кўчаси, 23-уйда яшовчи 1991 йилда туғилган Ҳ.И. ўзи билан бирга яшаб келган 1993 йилда туғилган холаваччаси Ч.Н. билан уй-жой низоси бўйича бўлган ўзаро келишмовчилик негизида жанжаллашиб қолиб, уни қасддан бўғиб ўлдирган.

Шундан сўнг фуқаро Ҳ.И. ўз жиноятини яшириш мақсадида хонадон ичкарисида ухлаб ётган холаси 1958 йилда туғилган Т.О.ни ҳам қасддан бўғиб ўлдириб, мурдаларни хонадон молхонасига олиб кириб, устиларига кўрпа-тўшаклар ва сомон ташлаб ёқиб юборган.

Марҳум Ч.Н. ва Т.О.нинг ўлими ҳолати юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 1 июнь куни Боёвут тумани прокурори томонидан Ҳ.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва у Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган. 

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Боёвут тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид