
Исроил президентини «ўзгаришлар ҳукумати» шакллантирилгани тўғрисида собиқ молия вазири, «Йеш Атид» («Келажак бор») партияси етакчиси Яир Лапид хабардор қилган, унинг партияси Исроил парламентида (кнессет) 17 мандатга эга, бу «Ликуд»дан кейинги иккинчи кўрсаткич.
Ҳукуматни «Ямина» партияси етакчиси Нафтали Беннет бошқаради.
Келишувга биноан, Беннет 2023 йил сентябригача бош вазир бўлади, шундан сўнг унинг ўрнини парламентнинг ваколат муддати тугайдиган 2025 йил ноябрига қадар Лапид эгаллайди.
Лапид янги ҳукумат барча исроилликлар манфаати учун хизмат қилишига ваъда берди. «Янги ҳукумат рақибларини ҳурмат қилади ва Исроил жамиятининг барча қисмларини бирлаштириш учун бор имкониятларни ишга солади», дея ёзган у твиттердаги саҳифасида.
Бинямин Нетаняҳуни алмаштириш учун тузилган коалиция таркибидан турли сиёсий қарашларга эга саккиз партия ўрин олган: сўллар, ўнглар, марказчилар, Беннет қиёфасидаги яҳудий миллатчилари ва ғоявий жиҳатдан ҲАМАСга яқин бўлган араблар партияси, шунингдек Авигдор Либерман ва унинг «русча» «Наш дом Израиль» партияси.
Аммо парламентда кичик устунликка эга бўлган мўрт коалиция ҳукумати вазифага киришиши учун аввал президент томонидан тасдиқланиши, кейин кнессетда маъқулланиши керак.
Янги ҳукумат яқин ўн кун ичида фаолият бошлай олмайди. Парламент спикери Ярив Левин янги ҳукуматга овоз беришни режалаштириш зарурлиги тўғрисида 7 июндагина хабардор қилинади. Шундан сўнг, унга овоз беришни режалаштириш учун бир ҳафта муҳлат берилади. Бу эса Нетаняҳуда депутатлар фикрини ўзгартириш ва янги ҳукуматга қарши овоз беришга кўндириш учун 12 кун вақт борлигини англатади. Исроиллик сиёсатчилар ҳозирги бош вазир парламентарийларни ўзига оғдириш учун барча имкониятларини ишга солишига шубҳа қилишмаяпти.
Янги ҳукуматни шакллантириш Яир Лапиднинг вазифаси эди, у сўнгги ойлар мобайнида турли сиёсий кучлар билан музокаралар ўтказиб, уларни ўз томонига оғдиришга уринди.
Коалицияга сўнгги бўлиб кнессетда атиги 7 мандатга эга бўлган «Ямина» партияси қўшилди. Унинг раҳбари Нафтали Беннет ўтган ҳафта охирида Нетаняҳуга қарши коалиция таркибига киришини эълон қилган, шундан кейин амалдаги бош вазир уни ва коалицияни кескин танқид қилиб, уни Исроил хавфсизлиги учун таҳдид деб атаганди.

















