Чоршанба куни кечқурун мухолифатдаги саккиз партия узоқ вақт давом этган музокаралардан кейин биргаликда ҳукумат шакллантиришга келишилгани ҳақида эълон қилди. Келишувга кўра, кейинги сайловларгача тўрт йилликнинг дастлабки икки йилида бош вазирлик лавозимини ўнг қарашларга эга «Ямина» партияси етакчиси Нафтали Беннет эгаллайди, кейинги икки йилда эса - марказчиларнинг «Еш Атид» партияси (бу партия кнессетдаги иккинчи йирик фракция) раҳбари Яир Лапид бош вазирлик қилади.
Аммо барча сиёсий спектрлардаги кучларни бирлаштирган коалиция ҳали парламент томонидан ҳам маъқулланиши керак бўлади.
Коалиция шакллантирилганидан кейин берган илк изоҳида Нетаняҳу «ўнглар овози билан сайланган» кнессет аъзоларини коалицияни қўлламасликка чақирди. Амалдаги бош вазир твиттердаги саҳифасида партияларнинг янги бирлашмасини «сўллар» ва «хавфли» деб атади. Аввалроқ у янги ҳукумат шакллантирилишини Исроил давлатчилиги ва исроилликлар учун хавф туғдирувчи «аср фирибгарлиги» деб атаганди.
Шарҳловчилар ўзи коалиция туза олмаган Нетаняҳу (гарчи унинг бошқарувидаги «Ликуд» март ойидаги сайловларда устунлик қилган бўлса-да) энди депутатлар янги коалицияни қўлламаслиги учун бор имкониятини ишга солишига шубҳа қилишмаяпти.
“Is that a wish or a question?” Netanyahu is the comeback king pic.twitter.com/LiI4mM7UI3
— Tom Bateman (@tombateman) June 2, 2021
Коалиция тузилгани ҳақида эълон қилишидан бироз вақт ўтгач BBC корреспонденти ва Нетаняҳу ўртасида қуйидагича сўзлашув бўлиб ўтган:
- Жаноб Нетаняҳу, бу сизнинг бош вазирликдаги сўнгги ҳафтангизми?
- Бу саволми ёки тилак?
Ҳозирча парламент Лапид томонидан ташкил этилган коалицияни айнан қачон тасдиқлаши маълум эмас. Овоз бериш жараёни янги иттифоқ тузилгани эълон қилинишидан тахминан ўн кун ўтгач бўлиб ўтиши керак, аммо ҳозирча бу муддат белгиланмади. Бу шуни англатадики, назарий жиҳатдан овоз бериш жараёни бошлангунича қайсидир партия коалицияни тарк этиши ҳам мумкин.
«Барча фуқаролар фаровонлиги учун»
Лапид президентни янги коалиция шакллантирилгани ҳақида чоршанба куни кечқурун хабардор қилди, бу унга бошқа партияларни ўзига оғдириш мақсадида музокаралар ўтказилиши учун берилган 28 кунлик муддат тугашига тахминан бир соат вақт қолганида рўй берди.
















