Ўзбекистон | 10:10 / 05.06.2021
6015
2 дақиқада ўқилади

Навбаҳорлик шахс беш кундан сўнг қотиллик қилишини айтди. Ички ишлар ва прокуратура ходимлари ҳолатни назоратга олган

Ижтимоий тармоқларда беш кундан кейин қотилга айланишини айтиб, ким бу ҳолатни кўрмоқчи бўлса таклиф қилган ҳамда ўз рақамини қолдирган фуқаронинг видео лавҳаси тарқалди. Лавҳада эркак бу ишни қизига уни ҳеч ким тортиб ололмаслигини айтиб, ваъда бергани учун амалга ошираётганлигини маълум қилган.

Ўрганиш ишлари давомида ушбу фуқаро Навоий вилояти Навбаҳор туманида яшовчи Камолиддин Эргашев бўлиб чиқди.  

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизматига кўра, Камолиддин Эргашовнинг собиқ турмуш ўртоғи Ш.З. 2020 йилнинг 13 декабрь куни ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли Нурота туманидаги ота уйига кетиб қолган. Аёл қизи турмуш ўртоғининг қўлида қолганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Навбахор туманлараро судига ажрим ва фарзандини ўзида олиб қолиш мақсадида ариза билан мурожаат қилган. 2021 йилнинг 2 июнь куни қизалоқни онасига олиб бериш бўйича суд қарор чиқарган. Бундан норози бўлган Камолиддин Эргашов маст ҳолатда беш кундан сўнг қотиллик қилиши ҳақида ижтимоий тармоққа видеомурожаат йўллаган.   

Ҳозирда мазкур ҳолат ички ишлар ва прокуратура ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олган.

Мавзуга оид