Данияда истиқомат қилган вақтим кўпчилик Данияга бориш йўллари ҳақида сўраганди. UzbekLife кузатувчилари учун ушбу мақола орқали Данияга бориш йўллари ҳақида маълумот бермоқчиман.

1. Сайёҳлик визаси орқали. Дания Шенген ҳудудига кирувчи 26 та давлатдан бири. Демак, Данияга ташриф буюришнинг энг осон йўли – саёҳат учун Шенген визасини олиш.

Бунда Шенген ҳудудига кирувчи исталган давлатнинг Ўзбекистондаги элчихонасига керакли ҳужжатларни топширасиз, тамом. Сайёҳлик визасини олишда талаб этиладиган энг муҳим ҳужжатлар: банк ҳисобингизда саёҳат давомидаги харажатларингизни тўлиқ қоплашга етарли маблағ борлиги кўрсатилган маълумотнома, бориш-келиш самолёт чипталари, суғурта полиси ва саёҳатингиз давомида қолиш учун бирор меҳмонхона ёки квартира ижарага олингани (Booking.com, Airbnb.com ва ҳ.к. орқали) ҳақидаги маълумотнома.

2. Иш визаси. Иш визасининг кўп турлари бор. New to Denmark сайтига кирсангиз, иш визасига ариза топшириш саҳифаси сиздан 2 та савол сўрайди:

Сиз олиммисиз? Ҳа/Йўқ.

Данияда маошли иш таклифини олганмисиз? Ҳа/Йўқ.

Иккала саволга ҳам йўқ жавобини берсангиз, қуйидаги виза турларига топширишингиз мумкинлиги айтилади:

A. Establishment card. Дания олийгоҳида магистратура ёки докторантурани тамомлаб, Данияда ишлаб қолмоқчи бўлганлар учун. Ўқиш тугади, яшаш рухсатномангиз муддати ҳам. Шунда Establishment card’га топширасиз ва сизга иш топишингиз учун яна 2 йиллик яшаш рухсати берилади.

Эътибор беринг! Ўқиш тугаганидан кейин 1 йил ичида топширишингиз керак. Кейин топширолмайсиз.