16:40 / 07.06.2021
6551

Самарқандда ИИБ ходимининг хотини эрининг машинаси билан пиёдани уриб қочиб кетди. Пиёда вафот этди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ИИБ ходимининг хотини эрига тегишли машина билан йўлда кетаётган шахсни уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетган. Оқибатда жабрланувчи вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 31 март куни соат 21:20 ларда Пайариқ тумани Эмалач қишлоғида яшовчи аёл Иштихон тумани ИИБ ходими бўлиб ишловчи турмуш ўртоғи Х.С. нинг номида бўлган Matiz машинасини миниб чиққан. Сўнг, Пайариқ туманининг Жавшарота маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида кетаётган Д.Ж. ни уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Оқибатда, Д.Ж. оғир тан жароҳатлари олган ва кўрсатилган муолажаларга қарамай, вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми (одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, вафот этган шахснинг яқинлари ўша куни Matiz машинасини аёл киши эмас, балки ИИБ ходимининг ўзи бошқарган, деб даъво қилишмоқда. Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда Matiz бошқарувида ИИБ ходими бўлган ёки бўлмаганини аниқлаш учун ходимга нисбатан ҳам хизмат текшируви ва бошқа суриштирувлар ўтказилмоқда.

Top