Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонда ҳудудларда мавжуд саноат салоҳиятидан, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда норуда минералларнинг хомашё базасини ўзлаштириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилган. Хусусан, керамзит, силикат қуми, шиша хомашёси, қурилиш ва қоплама тошларга эга ўрганилган конларнинг ярмидан кўпи ўзлаштирилмай қолмоқда. Натижада, санитария-техник воситалар бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш ички бозорнинг фақатгина 40 фоизини, газбетон блоклар – 51 фоизини, лок-бўёқ маҳсулотлари – 65 фоизини, қурилиш ойналари – 70 фоизини, девор гулқоғозлари – 30 фоизини ташкил этмоқда.
Электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик буюмлари, қоғоз саноати, қурилиш материаллари, мебель, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа маҳаллий саноат тармоқларини жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи яхлит тизимни яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:
- мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларни жалб қилиш, туманлар (шаҳарлар) салоҳиятини ишга солиш ва уларнинг нисбий устунликларидан фойдаланиш асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш «драйверлари» бўлган тармоқларни аниқлаш;
- тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда экспорт қилишни йўлга қўйиш;
- сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш;
- «қўшимча қиймат занжирлари»ни кенгайтириш, ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини камайтириш, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш;
- кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш;
- замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, тренинг дастурларидан кенг фойдаланиш;
- тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш.
Янги тартибга кўра, 2021 йил 1 июлдан мазкур фармонга 1-иловада кўрсатилган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:















