Жамият | 18:52 / 12.06.2021
8468
2 дақиқада ўқилади

ТерДУ ректори Покистон элчиси билан учрашди

Термиз давлат университети ректори Авазжон Марахимов Покистон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Али Асад Ғилоний билан учрашди.

Фото: Термиз давлат университети

Учрашувда икки мамлакат таълими тизимидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида музокаралар олиб борилди.

Дастлаб, университет раҳбари республикада таълим тизими, хусусан, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, бугунги шарт-шароитлар, илмий салоҳиятни оширишга бўлган саъй-ҳаракатлар, университетнинг халқаро майдондаги фаолияти ҳамда хорижлик мутахассисларни жалб этиш бўйича тўхталиб ўтди.

Покистон элчиси ўз нутқида икки мамлакат тарих, маданият ва урф-одатлар жиҳатидан бир-бирига жуда яқин эканлиги, Соҳибқирон Амир Темурнинг Покистон тарихи ва бугунида эгаллаган юксак мавқеси, давлатларимиз тарихий сиймоларни, қаҳрамонларни улуғлаши, қолаверса, ўтмишда ўрнатилган илмий ҳамкорлик алоқалари бугунга келиб янада мустаҳкамланиши лозимлиги борасида фикр билдирди.

Таклиф ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтган учрашувда ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва археологик экспедициялар ташкил этиш, саноат, ахборот технологиялари, илм-фан, қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба алмашиниш борасида амалга ошириладиган ишлар каби бир қанча истиқболли йўналишлар муҳокама этилди.

Термиз давлат университети ахборот хизмати

Мавзуга оид