Якшанба куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан янги коалицион ҳукумат тасдиқланди ва Бинямин Нетаняҳунинг 12 йиллик бошқарувига чек қўйилди.

Нетаняҳу Исроилни рекорд даражада - 5 муддат давомида бошқарди. Янги ҳукуматни собиқ мудофаа вазири, ўнг қарашларга эга сиёсатчи Нафтали Беннет бошқаради. Унинг кабинети марказчи партия ва унинг раҳбари Яир Лапид билан коалицияда шакллантирилди. Томонлар эришган келишувга кўра, Беннет дастлабки икки йилда бош вазирлик қилади, кейин навбатдаги парламент сайловларигача қолган икки йиллик учун постни Лапидга бўшатиб беради.

Исроил: мухолифат Нетаняҳусиз ҳукумат шакллантирди, Нафтали Беннет янги бош вазир бўлиши кутилмоқда

Овоз бериш жараёни бошланишидан олдин Беннет кнессет аъзоларига мурожаат қилди. У биринчи навбатда Нетаняҳуга Исроил бошқарувидаги кўп йиллик хизмати учун миннатдорчилик билдирди.

«Ҳамиша ҳам фикримиз бир жойдан чиқмаган, аммо сиз иккингиз Исроил давлатчилиги учун кўп иш қилдингиз», деган Беннет Биби ва унинг рафиқаси Сарага қарата.

Беннетнинг чиқишини «Ликуд» ва Нетаняҳуга мойил бўлган бошқа партиялар депутатлари кўп бор бузиб туришди. Узоқ йиллардан буён Бибининг содиқ иттифоқчилари бўлиб келган икки ўнгчи диний партия вакилларини «овоз бериш жараёнини бузишга уриниш» туфайли йиғилиш залидан чиқариб юборишга тўғри келди.

Беннет ҳар бир авлоднинг ўз чақирувлари бўлиши, ҳар бир авлод учун ўз етакчилари кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Бинямин Нетаняҳу жуда кўп иш қилган, аммо ҳозирда мамлакат мисли кўрилмаган даражада бўлинишга тўқнаш келган.

«Яҳудий халқи тарихидаги бўлинишлар назоратдан чиқиб кетган пайтлар бўлган ва бу бизни катта хавф остида қолдирган», - дея эслайди Беннет.

У янги коалицияни йиғган ва мамлакатда ўзгаришлар учун йўл очган «Йеш атид» партияси етакчиси Яир Лапиднинг хизматларини эътироф этган.

«У катта миллий масъулият, сиёсий сахийлик ва сабр намойиш этди. У бўлмаганида биз бугун бу ерда ўтирмаган бўлардик», дея нутқини якунлаган Нафтали Беннет.