Ўзбекистоннинг икки жанубий вилоятидаги шаҳарлар «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўз хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилаши мумкин. Жаҳон банки директорлар кенгаши лойиҳанинг ушбу компонентини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратишни тасдиқлади. Жаҳон банки гуруҳи аъзоси бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси уни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.

Қўшимча молиялаштириш Жаҳон банки молиявий кўмаги билан 2019 йилдан буён Бухоро (Когон шаҳри), Наманган (Чортоқ шаҳри), Тошкент (Янгийўл ва Пискент шаҳарлари) вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳанинг географик кўламини кенгайтиради.

Лойиҳа янги компоненти бўйича тадбирлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини қамраб олади. Мамлакат ушбу қисмидан лойиҳада иштирок этадиган шаҳарлар якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ижро ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг кейинги 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади.

Ушбу икки вилоятда лойиҳада иштирок этадиган ўрта шаҳарлар махсус инвестицион ривожланиш дастурларини амалга оширишни молиялаштириш учун маблағ олади. Улар таркибига шаҳар инфратузилмаси ва тегишли хизматларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар киради.

Масалан, ушбу дастурлар доирасида қуйидагилар молиялаштирилиши мумкин: 

  • сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш; 
  • электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобил йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш; 
  • жамоат бинолари энергия самарадорлигини ошириш; 
  • жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш; 
  • тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш.

Лойиҳа доирасида тегишли шаҳарларни ривожлантириш бўйича инвестицион дастурлар юқори экологик стандартларга мувофиқ амалга оширилади. Шунингдек, у жамоат жойларининг ҳаммага, жисмоний имкониятларидан қатъи назар ҳар бир кишига очиқ бўлишини таъминлайдиган тўсиқсиз муҳит яратишга қаратилган.