Қарийб 20 йилдан буён солиқ соҳасида меҳнат қилган 41 ёшли Азизбек Аҳмедовнинг бевақт ўлимига ачинаётганлар кўп.

Марҳум Азизбек Аҳмедов

Ҳа, у светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида чорраҳани кесиб ўтгани, боз устига транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани, ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани таъкидланмоқда. Бироқ у экспертизагача боришга улгурмади. Энди унинг ўлимидан аввал маст ё ҳушёр бўлгани патологоанатом хулосасида ўз аксини топади.

Келинг, уни маст бўлган, дейлик. Ҳа, ароқ ичиб машина рулига ўтиришни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бундай ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларни жазога тортиш шарт.

Аммо, Каттақўрғондаги воқеада ЙПХ ходимларининг маст деб тахмин қилинган ҳайдовчига нисбатан куч ишлатгани, якунда ҳайдовчи вафот этгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

ЙПХ ходими — энг можароли касб

Ёдингизда бўлса, МИБ ходимлари уйма-уй юриб газ, электр, сув ва бошқа коммунал тўловларнинг пулини йиғишганда жуда кўп можаролар келиб чиқаётган эди. Янгилик ва интернетдаги шов-шувли видеомурожаатлар асосан МИБ ҳақида эди.

Ўшанда МИБчилар том маънода биринчи рақамли можароли касб соҳибларига айланишганди. МИБ ваколатлари қисқартирилгач, бу «статус» яна ЙПХ ходимларига қайтди. Чунки кучишлатар тизимлар ичида аҳоли вакиллари билан энг кўп юзма-юз алоқа қиладиганлар — Давлат йўл ҳаракати хизмати ходимлари.

Шунинг учун яна интернет ЙПХ ходимлари билан можаролар тасвирларига тўлиб тошяпти. Уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини фош қилувчи бутун бир каналлар, блогерлар фаолият кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозир ЙПХ ходимларининг халқ ўртасидаги репутацияси анчагина ёмон. Кўплаб можароли ҳолатларда ЙПХ ходимлари ҳақ бўлиб турган тақдирда ҳам, халқ уларни айбдор санамоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, ЙПХ инспектори бирор ногиронни йўлнинг нариги четига ўтказишда кўмаклашиб юборгани, бузилиб қолган машинани итариб ўт олдиришга ёрдам бергани ёхуд чорраҳалардаги тартибсизликни моҳирона бартараф этгани акс этган фото ёки видеолар ижтимоий тармоқларда илиқ кайфият билан қарши олинади. Чунки одамлар бу касб эгаларидан бундай хайрли ишларни кутмай қўйишган. Афсуски, ЙПХ ходимлари одамлар тасаввурида фақат салбий кўринишда шаклланиб улгурган.