Фарғона шаҳри кўчаларида серқатнов йўл четида уч ғилдиракли аравасини қўлда бошқариб кетаётган инсонга кўзингиз тушади. Кўчада одамлар орасидан яққол ажралиб турган бу инсон «Жуйдам» МФЙда истиқомат қилувчи Қаҳрамон Аҳмедов.

Уй дарвозасини қоққанимизда 10 яшар болакай дадаси бозорга кетганини айтди. Қаҳрамон ака кўп куттирмай аравасини елдек учириб келиб сомсахонада тўхтади...

Қаҳрамон Аҳмедов I гуруҳ ногирони, аёли Ҳафизахон эса II гуруҳ ногирони экан. Оилада 2 ўғил вояга етяпти. Катта ўғил Озодбек 8-чи, кичиги Абдуқодир эса 4-синфда таҳсил олади. Қаҳрамонимиз ўз ҳаёти, оиласи ҳақида гапириб берди.

«1977 йилда туғилганман. Ҳар куни саҳар туриб уйдаги мол, товуқ ва ўрдакларга емиш бераман. Кунлик дастлабки юмушим шундан бошланади.
Ҳовлидаги қорамолни хайрия қилишган, барака топишсин. Ҳаммаларига минг раҳмат. Байрамларда ва ундан ташқари деярли ҳар куни маҳалла аҳли, яхши инсонлар оиламизга ёрдам беришади.

Туғма ногиронман. Тақдиримдан эса асло нолимайман. Агар уйда ёлғиз қолсам пайпасланиб бўлса ҳам мустақил ўзим чой дамлаб ича оламан. Агар уйда аёлим бўлса ўзи чой дамлаб беради».
Қаҳрамонимизнинг уйида уста ишлаётган экан. У ҳар куни саҳарда, соат 5да туриб бозорга боради. Усталарга ҳам аравачасида бозорлик қилиб келтиради.
«Уйга ҳаммом қуряпман. Қурилиш молларини ҳам эҳсон қилишяпти, барака топишсин. Усталар ҳам беминнат хизмат қилишяпти.
Катта йўлларда аравача ҳайдаб юраман. Саломат бўлишсин, ҳайдовчилар мени кўриб йўл бериб ўтказиб юборишади. Уларни доим дуо қиламан», — дейди у.





















