Бундан бир ой илгари инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов Янгийўл туманидаги Шўралисой саноат зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари етарли кучланишдаги электр энергияси билан таъминлаб берилмаётганига изоҳ бериб, мазкур муаммони ҳал қилиш ишлари бир ой ичида бошланишини айтган.

Мана орадан ўша 1 ой вақт ҳам аллақачон ўтиб бўлди. Мана шунинг ўзи ҳам амалдор Воитовнинг сўзлари ёлғон эканини кўрсатиб турибди.

Ҳикоямизни Янгийўл туманининг Хўжаобод маҳалласидан давом эттирсак. Бу ерда жойлашган кичик саноат зонасида тадбиркорлар жиддий муаммога дуч келишган. Ҳудудда ҳар бирининг баҳоси бир неча миллион доллар турадиган ўнлаб заводлар қуриб битказилган, ускуналар ўрнатилган. Аммо ишлаб чиқаришни бошлаш учун энг зарур ресурс – электр энергияси улаб берилмаяпти.

Бир йилдан ошиқ вақт ўтибдики, давлат ташкилотлари турли баҳоналар билан ишни ортга суришда давом этмоқда.

Масалан, қурилиш бўёқлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Кавсар-мадад» хусусий корхонаси, инвестиция дастурига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ, етарли кучланишли электр энергияси етказиб берилмаётгани сабабли ишлаб чиқаришни бошлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Корхона иш бошқарувчиси Фирдавс Абдуалимовнинг айтишича, тадбиркорлар бекорга вақт ўтказишмоқда, бой берилаётган ҳар бир кун улар учун бир неча миллион сўм зарар келтиряпти.

Фирдавс Абдуалимов

«Хитойдан 1 миллион долларга ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинган. Бўёқ заводимиз ишлашга тайёр ҳолатда турибди. Муаммо – электр энергияси йўқ. Шу сабабли заводимизни ишлата олмаяпмиз.

Энергетика вазирлигига бир неча марта мурожаат билан чиқдик. Улар ҳар сафар дастурга киритилган, деб айтишади. Лекин ҳозирги кунгача ҳеч қандай натижа бўлмади.

Завод ишлаши учун юқори қувватдаги электр энергияси керак. Иккинчи ишлаб чиқариш технологиямиз – метал профиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводимиз ҳам 20 кунда тайёр бўлади. Аммо ток бўлмаса, у ҳам ишламайди»,