Соҳа олимларининг огоҳлантиришича, бугунги кунга келиб, ушбу тур жониворларининг сони кескин камайиб бормоқда. Жумладан, ҳозирга келиб қўнғир айиқларнинг жами сони атиги 150-200 бош атрофида қолган.
Шунга қарамай, яқинда ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси «Қизил китоб»га киритилган айиқни Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг рухсатномаси билан ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган бу хабар ўзи билан бир қатор саволларни ҳам ўртага чиқарди.
Хўш, отиб ўлдирилаверар экан, унда камёб ҳайвонлар нега «Қизил китоб»га киритилади? Камёб ҳайвонлар отилмаса-чи, нима бўлади? Битта айиқни ўлдириш учун Экология қўмитаси овчилардан қанча пул олади?
Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар юзасидан Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов билан интервью уюштирди.
— Шафқатсизларча отилган айиқ воқеаси ҳақида гапирарканмиз, бир ҳолат ёдга тушади. Бугунги кунда Хитойда 1000 дан сал ортиқроқ панда айиғи яшайди. Хитойда пандани овлаганларга нисбатан ўлим жазоси қўлланилади. Ўзбекистонда эса қўнғир айиқ 150-200 дона атрофида қолган. Хўш, қайси соғлом ақл билан қўнғир айиғини ўлдиришга Қўмита томонидан квота берилган?
— Ваҳшийларча ўлдириш деган сўз бу ерда сал нотўғри бўлса керак, сабаби, «Ов ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда ҳам бунга нисбатан «табиатдан ажратиб олиш» ибораси ишлатилади. Бу эстетик тарафдан ҳам отиш эмас.
— Олиб деймизми, ажратиб деймизми, айиқ барибир ўлдириляпти-ку.
— Кечирасиз, яна қайтараман, бу ерда рухсатномага ариза берилганда, Вазирлар маҳкамаси қарорида кўрсатилганидек, «табиатдан ажратиб олиш» деб айтилади.
Биласиз, қўнғир айиқ ваҳший ҳайвон, уни ушлаб бўлмайди, отиб олинади. Бу ўлжа овига киради. Бу биринчидан. Иккинчидан, сиз Хитойдаги ҳолатни мисол қилиб келтиряпсиз, лекин у ерда панда миллий тимсол. Хитой президенти хорижий давлат раҳбарларига ҳам панда совға қилади, лекин панда шу давлатнинг ўзидан чиқарилмаган ҳолда совға қилинади.


















