Хўш, соғлиқни сақлаш тизимига рақамлаштиришни олиб кириши айтилган Азизов ўтган 11 ой давомида қандай натижаларга эришди? Тиббиётимизда нимани ўзгартира олди?

Бугунги ўзбек жамиятида четда ўқиб, ишлаб келган кадрларга кўпроқ ишонилмоқда. Улар бу ишончни оқлай оляптими?

Ўзининг айтишича, Данияда ойига 30 минг долларлаб пул топган кишини Ўзбекистонда бугун нима ушлаб турибди?

Шавкат Мирзиёев Абдулла Азизовга «интервью бераётганингни кўрдим, кўзингда нур қолмабди», деганда нимани назарда тутганди?

Kun.uz шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов билан интервью уюштирди.

ССВнинг Даниядан келган ўринбосари – Ўзбекистондаги бюрократия, кам маош ва бош врачларни ҳокимлар тайинлаши ҳақида

Интервью аввалроқ эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

— Сиз соғлиқни сақлаш тизимида иккита вазир билан ишладингиз. Айтинг-чи, қайси вазир билан ишлаш сиз учун осонроқ?

Жуда нозик саволлар беряпсиз. Менга иккала вазир билан ишлаш бирдек.

—  Ўзингиз Шодмонов демоқчидек бўляпсиз, менимча.

— Менда ўз фикримни қаттиқ туриб ҳимоя қилиш одати бор. Фикрларимни икки вазирга ҳам айтиб, ҳимоя қила оламан. Лекин қўллаб-қувватлашга келсак, мени энг кўп қўллайдиган инсон – президент.

— Қаерда фармацевтика ривожланган экан, ўша жойда тиббиёт кучсиз, деган гап бор. Дарҳақиқат, бизда бу соҳа жуда ривожланган, қандайдир хаос ҳукм сурмоқда. Наҳотки шу тармоқни тартибга солишнинг имкони йўқ бўлса?

— Фармацевтика соҳаси бошқа давлатларда ҳам ривожланган соҳа ҳисобланади. Инсон ҳаёти ҳамма учун ҳам энг азиз бўлган неъмат. Шунинг учун ҳам соғлиги учун ҳар қандай қиммат дорини олишга тайёр туришади ва баъзи ҳолатларда компаниялар бундан фойдаланишади.