«Пахтакор» ўз футболчиларига ва персоналига тўлаган маошлар ҳақида маълумот чиқди. Дердийўқ, Черан ёки Кримец (мен яна Машариповнинг олган маоши билан қизиқдим) каби алоҳида рақамларни олмасак ҳам, «Пахтакор»нинг ўртача футболчиси оладиган маош ойига 50-60 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Яхши яшаш учун етарли, лекин яхши яшашга ҳақли бўлган жуда кўп фойдали касбларга нисбатан сезиларли даражада кўп, шундай эмасми?
Икки хил ойлик бор: бюджет ва хусусий сектор. Халқ таълими ёки соғломлаштириш давлатнинг, бошқача айтганда, солиқ тўловчиларнинг бўйнида, шунинг учун врач ёки ўқитувчининг маошини бюджет тўлайди. Буни биламиз. Шифокор ёки ўқитувчининг халққа келтираётган нафи қўл билан ушлаб бўлмайдиган даражада, қандайдир фойда ёки зарар ўлчовига киритиб бўлмайди. Давлат адолат ва инсоф доирасида шу ва яна бошқа бюджет соҳаларига маош белгилайди. Розимиз.
Кейинги хусусий соҳада эса, ойликни корхона раҳбари белгилайди. Ойлик миқдори албатта, ўша корхонанинг даромадига тўғридан тўғри боғлиқ бўлиши шарт.
Тасаввур қилинг, сиз бир ишлаб чиқариш корхонаси раҳбарисиз. Ўн ишчингиз билан бир ойда 10 миллионлик маҳсулот ишлаб чиқарасиз ва уни сотасиз. 10 миллионга. Энди, ўша ўн нафар ишчининг ҳар бирига 2 миллиондан ойлик бера оласизми? Яъни бир ойда маош учун 20 миллион сарфлашингизга тўғри келади. Ҳар ой 10 миллион даромад, 20 миллион маош. Агар сиз мана шу тарзда ишласангиз, тез кунда банкрот бўласиз. Демак, хусусий сектордаги маошлар корхона рентабеллигига боғлиқ бўлади.
Энди савол туғилади, футбол соҳасида, футболчилар қайси соҳага кирадилар? Бюджетми ёки хўжалик сектори? Агар бюджет бўлса, футболчининг бир йилдаги меҳнати ўқитувчи ёки врачникидан ўн баробар кўп бўлиши ақлга сиғадими?
Агар хўжалик сектори деб қабул қилсак, футбол клубларимиз футболчиларга ойига 50 миллион сўм маош тўлай оладиган қадар даромад қила оляптиларми?
Спортчиларнинг оддий халқдан кўра кўпроқ пул топишини оддий қабул қилишимизнинг сабаби аслида, ноўрин таққослашдан келиб чиқади. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмаганимизнинг ҳам сабаби шу ерда. Ҳамма ерда шунақа, деб Европадаги футболчиларнинг ақл бовар қилмас маошлари ҳақида ўйлаб қоламиз ва ҳаммаси нормал деб кетаверамиз. Ҳатто футболчиларимизнинг савияси танқид остига олинганда, баъзи «футболни яхши тушунадиган» мутахассисларимиз европалик футболчилар даромадини пеш қилганини ва Мессидан минг баробар кам ойлик олаётган футболчиларимиз савияси Мессидан сезиларли паст бўлишини нормал баҳолаганини эшитганман.
Ростдан ҳам Криштиану Роналду бир ҳафтада олий лигамизда тўп сураётган ўша 500га яқин футболчиларнинг бир ойда топадиган жами даромадидан кўп маош олади. Фарқ, даҳшат-а? Терма жамоамизнинг омади келиб қолса, ўша Роналду тўп сурадиган Португалия билан 0:0 ўйнаб қўйиши ҳам мумкин. Шуни назарда тутсак, футболчиларимиз анча кам пул топаётганга ўхшаб қолади. Ва ўша 50 миллион ҳақида гапирганда, Роналду билан солиштирамиз, ўқитувчи билан эмас. Хўп, деб кетаверамиз. Ўқитувчи бўлиш осон, яхши футболчи бўлиш осон эмас. Иқтидор керак.












