Жорий йил 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида «Ўзбектелеком» АК Бош директори ўринбосари Алишер Зуфаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифинг давомида ОАВ вакилларига «Ўзбектелеком» АК томонидан янги технологиялар асосида Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берилди.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур муҳитни яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини тегишли давлат хизматлари билан таъминлаш орқали Ўзбекистон Республикасининг жадал суратларда рақамлаштирилиши, рақамли иқтисодиётни янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида, 2020 йил 5 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6079-сон Фармони билан тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишлар, хусусан Компаниянинг телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида дунёнинг етакчи хорижий ишлаб чиқарувчиларидан замонавий телекоммуникация ускуналарини жорий этиш бўйича лойиҳалар намойиш этилди.

«Ўзбектелеком» АК томонидан мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли билан мулоқот қилишининг янги механизмларини жорий этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, барча учун хизмат нархини арзонлаштириш, ҳар тоифадаги абонентлар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йил 1 майдан оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) орқали тақдим этиладиган канал нархи олдинги тарифларга нисбатан 20% гача арзонлаштирилиб 32 минг сўм этиб белгиланган. Мазкур хизмат нархи сўнгги 3 йил ичида 7,5 баробардан кўпроққа арзонлаштирилганини кўрсатмоқда.

Халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлигини самарали захиралаш мақсадида, «Ўзбектелеком» АК модернизация ишларини олиб бормоқда ва ушбу ишлар доирасида мавжуд 1 200 Гбит/с тезлиги 3200 Гбит/с гача оширилади. Айни пайтда зарур ускуналар олиб келинган ва жорий йилнинг 3-чораги охирига қадар монтаж ва ишга тушириш ишлари амалга оширилади.

Магистрал транспорт тармоғини ривожлантириш ва модернизация қилиш доирасида 2020 йилда «Ўзбектелеком» АК транспорт тармоғининг ўтказувчанлиги вилоят марказларига қадар 600 Гбит/с.гача ва туман марказларига қадар 60 Гбит/с. гача, магистрал транспорт тармоғининг умумий қуввати 23 Тбит/с.га етказилди. Шунинг натижаси ўлароқ 2021 йил 1 январдан оператор ва провайдерлар учун транспорт каналлари хизмати нархи 2 баробарга арзонлаштирилди, жорий йил 1 майдан нарх яна 30% га арзонлаштирилди.