Ўзбекистонда исталган соҳа ўрганиб кўрилса, керагидан ортиқ муаммолар борлиги кўринади. Шулардан бири – илмий фаолият ва тадқиқотлар. Биз бу борада кундан кунга орқага қолиб боряпмиз.

Хорижда PhD шунчалик қадрлики, битта ибора билан «Everything is impossible until it is done» (Бажармагунингча имконсиз бўлиб қолаверади) деб таъриф беришади.

Ўз вақтида Мария Кюри, Жон Нэш, Сванте Аррениус, Кэрол Грейдер каби машҳур кашфиётчилар PhD давридаёқ Нобел мукофотига сазовор кўрилган бир пайтда, биз плагиатлар домига тушиб қолдик.

Айни вақтда ўзим ҳам PhD тадқиқотчиси сифатида илмий изланишларимни олиб боряпман. Бундан ташқари, бир муддат олий таълимда ҳам ишлаганман. Шу сабабли соҳадаги мавжуд муаммолар бегона эмас.

Самара бермаётган PhD докторант тайёрлаш механизми

Ривожланган давлатларда PhD даражасига ҳужжатлар сифат ва миқдор жиҳатдан яхлитланади. Ҳужжат топшириш жараёнида, ҳужжатлар онлайн равишда маълум бир йирик платформа ёки мавжуд университетлар кафедралар ёки факультетларга тўғридан тўғри топширилади. Мамлакатимизда эса PhD даражасига топшириш учун кандидатлардан талаб этиладиган ҳужжатлар миқдори кўплиги уларнинг кўриб чиқиш муддати узайишига олиб келади.

PhD даражасини олиш учун Буюк Британия ва кўпгина Европа Иттифоқи давлатларида 3 йил, АҚШда 6 йилгача вақт керак бўлади. Юртимизда эса, масалан, мустақил изланувчи тоифасида илмий иш бошлаган кандидат баъзида 1-2 йилда ҳимоя қилади, баъзида 8 ва ундан ҳам кўп йилга чўзилиб кетиши кузатилмоқда.

Кўпгина Европа докторлик дастурларида талабалардан курс ишлари унчалик талаб қилинмайди. Номзодлар дарҳол ўзларининг диссертация лойиҳалари устида ишлашни бошлайдилар. АҚШда PhD дастурлари, қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, талабалардан диссертация устида ишлашдан олдин икки ёки уч йиллик ўқув курслари ва семинарларда қатнашишни талаб қилади.

Мамлакатимизда айниқса 3 йиллик PhD стипендияси бўйича ўқиётган номзодлар деярли ҳар ҳафта кераксиз ҳисоботлар билан машғул бўлишга мажбур. Бу эса ўз навбатида вақтдан ютқазиш, ортиқча стресс ва илмий ишга бўлган қизиқишнинг сўнишига олиб келади.

Европанинг бир қатор мамлакатларида докторантлар ходимлар сифатида қабул қилинади ва меҳнат шартномалари мавжуд. Ходимлар сифатида докторантларга тиббий суғурта, пенсия ва ишсизлик суғурталари тўланади.

Шунингдек, тиббий суғурта ва конференцияларга саёҳат қилишни ҳам ўз ичига олади. Бошқа университетларда талабалар докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш учун университет, штат ёки миллий даражадаги стипендиялар учун курашишлари керак. Ушбу масала – ҳозирги пайтда мамлатимизда илмий салоҳиятни оширишга тўсиқ бўлаётган энг йирик муаммо.