Президент “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга асосан, ҳудудларда кластер усулида мебел маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади. Белгиланишича:
а) кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонлари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
б) кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонларига эгалик қилишнинг мажбурий шарти сифатида ушбу кичик саноат зонасининг бош режасига асосан мебел ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш объектларини жойлаштириш белгиланади;
в) кичик саноат зонасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилган ер майдонларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишдан тушган тушумнинг маҳаллий бюджетга йўналтириладиган қисми бюджетнинг қўшимча даромади сифатида шакллантирилади ва камида 30 фоизи ушбу ҳудудда янги ер майдонларини қишлоқ хўжалигига киритиш учун сарфланади;
г) ташкил қилинаётган кичик саноат зоналарининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш тадбирлари:
- ичимлик суви, оқова сув тармоқларини ҳамда автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – 2021-2023 йиллар учун давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар;
- электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – ўрнатилган тартибда таъминотчи корхоналар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Белгиланишича, кичик саноат зоналарини ташкил қилиш учун ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.
2021 йил 15 июндан бошлаб, қуйидаги харажатларни Экспортни рағбатлантириш агентлиги қоплаб беради:
- 2021-2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хомашё (ТИФ ТН бўйича 4410 ва 4411 кодлари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи миқдорида;
- 2024 йил 1 январга қадар мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга мебель маҳсулотларини барча давлатларга, шу жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5 фоизидан, темир йўл транспортида 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида.










